Танзанияда беш киши номаълум инфекциядан вафот этди

Олам

image

Танзания шимоли-ғарбий қисмида номаълум юқумли касаллик аниқланди. Ушбу касаллик оқибатида беш киши вафот этди, яна етти кишида касаллик аломатлари кузатилди. Бу ҳақда “Arab News” республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, касаллик белгилари орасида иситма, қусиш, қон кетиш ва буйрак етишмовчилиги бор. Касаллик Уганда билан чегарадош шимоли-ғарбий Кагера минтақасида аниқланган.

“Воқеа жойига юқумли касалликларга қарши тезкор гуруҳ юборилди. Касаллик манбаи ва турини аниқлаш учун беморлар ва марҳумдан намуналар олинди”, дейди Танзания Соғлиқни сақлаш вазири Тумаини Нагу.

Британиянинг “Daily Mail” нашри хабарига кўра, ўтган йилнинг июль ойида Танзания жанубидаги Линди ҳудудида худди шундай аломатлар билан уч киши вафот этган. Кейинчалик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, одамлар лептоспира жинси бактериялари келтириб чиқарадиган ўткир юқумли касаллик бўлган лептоспироз билан касалланган. Касаллик ҳам иситма, жигар, буйраклар ва капиллярларнинг шикастланиши билан кечган. 

Маълумот учун, Танзания – Шарқий Африкадаги давлат. У шимолда Кения ва Уганда, ғарбда Руанда, Бурунди ва Конго Демократик Республикаси, жанубда Замбия, Малави ва Мозамбик билан чегарадош.

Мамлакат аҳолиси қарийб 60 миллион кишини ташкил этади, уларнинг аксарияти қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.

Танзанияда юқумли касалликларнинг тарқалиши мунтазам равишда содир бўлади. 2019 йил сентябрь ойида БМТ Танзанияни Эбола ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни яширганликда айблаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Танзания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг