Йўлларда сотилаётган музқаймоқда бактерия аниқланди
Жамият
−
30 Июль
6214Кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқларда стафилококк бактерияси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, музқаймоқ асосан сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Шу боис уни доим совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Агар иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқнинг таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади.
Шунингдек, бугунги кунда кўчада рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани ҳам айтиб ўтилган.
“Бугунги кунда йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқлар кўпайди. Охирги пайтларда ана шу маҳсулотлардан истеъмолчиларнинг заҳарланиш ҳолатлари юзага келмоқда. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас”, дейилади хабарда.
Қўмита томонидан олиб борилган назорат рейд тадбирлари давомида кўчада сотилаётган музқаймоқ маҳсулотларидан назорат таҳлили олинганида уларнинг таркибида стафилококк бактерияси аниқланган.
Стафилококк кўп ҳолларда иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилинганда киши заҳарланиши мумкин.
Қўмитанинг қайд этишича, йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур.
“Музқаймоқ асаб ва ошқозон-ичак фаолиятининг бир маромда кечишида фойдали, аммо бу маҳсулотни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш жуда зарурий омилдир. Аввало сут маҳсулотининг қаердан олиб келинган, ветеринария экспертизасидан ўтиб, маълумотномага эга бўлганми, шунингдек, эпидемиологик вазияти яхши сигирлардан олинганми, шуларга диққат қаратиш даркор”, дейилган хабарда
Қўмита музқаймоқ тайёрлаганда зарур технологик жараёнларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларини қатъий бажариш кераклигини ҳам эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санэпидемқўмита дўконларда қутисида “ноодатий” расми бор ва каннабис таъмли энергетик ичимлик сотила бошланганига изоҳ берганди.
LiveБарчаси