Ўзбекистонда сотилаётган 6 хил музқаймоқ таркибида бактериялар аниқланди
Жамият
−
10 Сентябрь
11114Ўзбекистонда сотилаётган 6 хил турдаги музқаймоқ таркибида ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида назорат хариди тадбири ўтказилган. Унда “Ҳасанбой ва Холод” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган қадоғида шакарсиз деб кўрсатилган “Хоттабич” номли музқаймоқнинг 7 та тури харид қилинган ва белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган учта лабораторияга топширилган.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасининг тасарруфидаги Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси лабораториясининг хулосасига кўра, музқаймоқ қадоғида шакарсиз деб кўрсатилган “Хоттабич” номли музқаймоқнинг “Эскимо”, “Бананли”, “Фисташкали”, “Шоколадли”, “Олхўри мевали” ва “Пломбир” турлари таркибида ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар аниқланганлиги сабабли бактериологик кўрсаткичлари бўйича санитария талабларига номувофиқ деб топилган.
“Техностандарт Нео” МЧЖнинг аккредитациядан ўтган лабораторияси хулосасига кўра, қадоғида шакарсиз деб кўрсатилган “Хоттабич” номли музқаймоқнинг “Эскимо”, “Бананли”, “Фисташкали”, “Шоколадли” каби турдаги маҳсулотлар таркибида шакар миқдори белгиланган меъёрлардан икки баробарга кўплиги яъни, белгиланган меъёр 14,5 - 17,5 фоиз ўрнига 37,7-38,1 фоиз эканлиги маълум бўлди, “Олма мевали” пломбир маҳсулотида эса аксинча сахароза миқдори меъёрдан камлиги аниқланган.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг маҳсулот маркировкаси (қадоғи) бўйича берган хулосасига кўра, музқаймоқнинг “Эскимо”, “Бананли”, “Фисташкали”, “Шоколадли”, “Олхўри мевали”, “Олма мевали” ва “Пломбир” каби турдаги маҳсулотларда истеъмолчига тегишли бўлган 10 га яқин зарур маълумотлар тақдим этилмаган.
Мазкур ҳолатда МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқнинг “Эскимо”, “Бананли”, “Фисташкали”, “Шоколадли”, “Олхўри мевали”, “Олма мевали”ва “Пломбир” каби турдаги маҳсулотлари таркиби ҳамда Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент талабларига номувофиқлиги аниқланган.
Шунингдек, ўрганиш давомида ушбу музқаймоқларнинг қадоғида “Музқаймоқни истеъмол қилиш вазнингизни камайтиришда, иммунитетни ошириш ва стрессдан чиқишда ёрдам беради, шунингдек, яхши кайфият тақдим этади” деган маънодаги ёзувларини тасдиқловчи ҳеч қандай хулосалар мавжуд эмаслиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқларда стафилококк бактерияси бўлиши мумкинлиги ҳақида аҳолини огоҳлантирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь