Аҳоли музқаймоқ истеъмолидан огоҳлантирилди

Жамият

image

Кўча-кўйларда, белгиланмаган жойларда сотилаётган музқаймоқлар, айниқса фрезерли ускуналарда тайёрланган музқаймоқларни (қуйма) харид қилмаслик лозим. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини огоҳликка чақирди.

Хабарга кўра, музқаймоқлар Вазирлар Маҳкамасининг 407-сонли “Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тартибда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган турғун ва кўчма савдо нуқталарида сотилишига рухсат этилади. Юмшоқ (фрезерли) музқаймоқлар фақат турғун савдо нуқталарида сотилиши шарт.

Билдирилишича, бундай ҳолатда сотилмаган музқаймоқларни ейиш оқибатида овқатдан заҳарланишлар, ўткир юқумли ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин.

Қўмита саломатлик учун қуйидагиларга риоя қилишга чақирган:

  • музқаймоқлар сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлганида савдо қилиниши, қадоқланган музқаймоқлар талаб этилган ҳароратда музлаткичларда сақланиши шарт;
  • музқаймоқларни харид қилишда уларни сақлаш шароити, қадоғи ва ундаги истеъмол муддатига доимо эътибор бериш керак;
  • музқаймоқ сотувчилар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 200-сонли буйруғи асосида тиббий кўрикдан ўтиши ва махсус кийим билан таъминланишлари шарт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Андижон музқаймоғи” номи билан сотилаётган музқаймоқларни истеъмол қилиш ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланиши ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология бошқармасига кўра, “Андижон музқаймоғи”нинг қачон, қаерда, қай шароитда ва қандай маҳсулотдан тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас. Ҳаттоки, қадоқларда маҳсулотни қандай шароитда ва қанча муддатгача сақлаш мумкинлиги ҳам келтириб ўтилмаган. Шу сабабдан ҳам ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш ҳаёт учун ўта хавфлидир.


Мақола муаллифи

Теглар

музқаймоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг