Юлдуз Ражабова ва Бурак Ўзчивит битта сериалда роль ўйнади
Маданият-санъат
−
29 Февраль
41816“Бойвачча куёв”, “Мендирман Жалолиддин”, “Ойқиз” каби кўплаб фильмлардаги роли билан танилган ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова туркиялик машҳур актёр Бурак Ўзчивит билан битта сериалда суратга тушди. Буни Буракнинг Instagram'даги саҳифасига жойланган анонсда ҳам кўриш мумкин.
Қайд этилишича, Юлдуз Ражабова туркиялик режиссёр Меҳмет Боздағ режиссёрлигида суратга олинган "Ҳукмдор Усмон" тарихий сериалининг янги қисмларида роль ўйнаган. Ундаги бош қаҳрамон образини эса Бурак Ўзчивит гавдалантирган.
Шунингдек, актриса айни пайтда Американинг Netflix сервиси томонидан суратга олинаётган Амир Темур ҳақидаги тарихий фильмда ҳам иштирок этяпти. Бу ҳақда Юлдуз Ражабова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида пост жойлаган.
“Ҳар бир лойиҳа ортида одамларга ўзгача таассурот улаша оладиган меҳнаткаш жамоа бор. Мен узоқ вақтдан бери жамоамизни Жейкоб Шварц режиссёрлигидаги "Тамерлан" лойиҳасини якунлагани билан табрикламоқчи эдим. Ушбу лойиҳадаги қулайлик учун бутун жамоага ҳам, янги дўстларга ҳам раҳмат”, деб ёзган актриса.
Маълумот учун, Юлдуз Ражабова 1989 йилнинг 23 декабрь куни Навоий вилоятида туғилган бўлиб, ўзбек ва турк театр, кино актрисаси ҳисобланади. Унга "Хоин" фильмидаги ижроси катта шуҳрат келтирган. Шунингдек, актриса Ўзбекистон Республикасининг “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни туркиялик машҳур киноюлдуз Бурак Ўзчивит Россияга ташрифи давомида мухлислари билан учрашганди.
Улканбаева Райҳона
LiveБарчаси