“Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун Сенат томонидан маъқулланди

Жамият

image

Олий Мажлис Сенати “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Мазкур масала бугун, 27 октябрь куни Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Қайд этилишча, қонун билан йўл эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, транспорт воситалари эгаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир мажбуриятлари ҳамда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари алоҳида моддалар билан белгиланмоқда.

Шунингдек, сенаторлар йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган участкаларида йўл ҳаракатини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, қонунга кўра, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин. Йўл участкаларида қатнов қисмининг 50 фоизидан кўпроғини ёпиш зарур бўлган тақдирда мазкур йўл участкаларини айланиб ўтиш таъминланиши керак бўлади.

Бундан ташқари, қонун билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларнинг белгиланган чегараларида тўхтаб туриш жойларини қуриш тўғрисидаги қарорлар ҳудудни режалаштириш бўйича тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда. Бунда қурилиш ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Тўхтаб туриш жойларини жойлаштириш экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтириш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши қайд этилмоқда.

Қонун билан электр двигателда ишлайдиган транспорт воситалари учун алоҳида жойлар ажратилиши ва бундай жойларда электр қувват манбаларига уланиш имконияти яратилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунда пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар, пулли тўхтаб туриш жойлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам алоҳида модда билан белгиланмоқда.

Мажлисда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига алоҳида урғу берилиб, Қонунда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи нормалар ҳамда ҳайдовчиларни тайёрлашга доир талаблар белгиланаётгани, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи қайси ҳолларда бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатиб ўтилганлиги қайд этилган.

“Мазкур қонун йўлларда юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини тўғри ва тизимли йўлга қўйиш, мутасадди органлар ўртасида самарали ҳамкорликни жорий қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади”, дейилади Сенат томонидан эълон қилинган расмий баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Йўл ҳаракати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг