ЙПХ ходими ҳайдовчига қўпол муносабати учун ишдан бўшатилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Бегали Бадинов ҳайдовчи билан қўпол муносабатда бўлгани тасвирланган видео тарқалган эди. Видео ортидан у лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар бермоқда

Ушбу видеода ҳайдовчи ЙПХ ходими Бадинов билан мулоқотда ундан гувоҳномасини кўрсатишини сўрайди. Бадинов эса унга қўпол муносабатда бўлиб, ҳужжат кўрсатишдан бош тортади. Шунингдек, планшети йўқлигини айтиб, ундан барча ҳужжатларини беришини, автомобиль сигналини чалиб кўришини талаб қилади. 

Турли важлар билан ҳайдовчини тутиб, уни автомобилдан тушишга мажбурламоқчи бўлган ЙПХ ходимининг ҳаракатлари тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, Бадиновнинг хатти-ҳаракатлари устидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви бошланди. 

Текширув якунига кўра, жорий йилнинг 27 ноябрь куни хизмат мобайнида, ҳайдовчи билан ўзаро мулоқот давомида оғир-вазмин бўлмасдан, мулоҳаза билан иш олиб бориш ўрнига, фуқарога баланд овозда, қўпол муносабатда бўлиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган "Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида"ги Низом ҳамда Ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруғи талабларини бузганлиги учун Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими Б.Бадинов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича хулоса қилинган.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги можаролари сони кундан кунга ортиб бормоқда. Муаммоли ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалаётган ҳолатларнинг аксариятида ходимлар ўз ваколатларидан ташқарига чиқаётгани, қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилаётгани ва қўл кўтараётганини кўриш мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июнь куни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўровонлиги туфайли вафот этганди. Мазкур ҳолат бўйича жорий йилнинг 3 декабрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ЙПХ ходимлари М. Қўчқоров ва Ш. Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг