Европарламент Озарбайжонга санкциялар билан таҳдид қилди
Олам
−
29 Февраль
4388Кеча, 28 февраль куни Европа парламенти Озарбайжонга қарши зудлик билан санкциялар қўллашни ва Арманистонга тажовуз содир бўлган тақдирда, Озарбайжон билан стратегик энергетика шериклиги тўғрисидаги англашув меморандумини тўхтатиб туришни талаб қилувчи ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа сиёсати бўйича иккита резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда арманистонлик депутат Артур Ованнисян ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, резолюциялар Озарбайжон ҳарбий-сиёсий раҳбариятига қарши мақсадли ва шахсий санкцияларни жорий этишга тайёргарлик кўриш, Арманистонга қарши ҳар қандай ҳарбий тажовуз содир бўлган тақдирда мамлакатдан нефт ва газ импортини тўхтатишни талаб қилади.
Шунингдек, ҳужжатларда Европа Иттифоқининг Арманистондаги кузатувчи миссияси ваколатини кенгайтириш ҳамда уларнинг Арманистон-Озарбайжон чегарасида қолиш муддатини узайтириш зарурлиги ҳам кўрсатилган.
Қайд этиш жоизки, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Петер Стано шу ҳафта бошида Бакуга қарши санкцияларни қўллаш охирги чора бўлиши мумкинлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 февраль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Хармс Михаэль бошчилигидаги делегацияни қабул қилганида мамлакатнинг Арманистонга ҳужум қилиш нияти йўқлигини айтганди.
LiveБарчаси