Арманистонни босиб олиш режамизда йўқ – Алиев

Олам

image

Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев мамлакатнинг Арманистонга ҳужум қилиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Алиев бугун, 28 февраль куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Хармс Михаэль бошчилигидаги делегацияни қабул қилганида айтиб ўтган.

Қўшимча равишда, Озарбайжон Президенти Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг ноадекват баёнотлари Озарбайжоннинг ҳафсаласини пир қилаётганини билдирган.

“Биринчидан, унинг бу баёнотлари ҳеч қандай воқеликни акс эттирмайди ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир. Иккинчидан, Озарбайжон томони бу баёнотларни мамлакатимизга қарши яширин таҳдид деб билади. Шундай қилиб, Боррель, агар Озарбайжон Арманистонга ҳужум қилса, бунинг аччиқ оқибатларини кўришини айтди. Аввало, Озарбайжон Арманистонга ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги бу маълумотни Боррель қаердан олди? Бизнинг бундай режаларимиз йўқ”, деган Озарбайжон етакчиси.

Илҳом Алиевнинг қайд этишича, буларнинг барчаси Франция Президенти Эммануэль Макроннинг иғволаридир.

“Буларнинг барчаси Озарбайжоннинг Арманистонга ҳужум қилишга тайёрланаётгани муносабати билан мамлакатимизни демонизация қилишга асосланган Франциянинг бизга қарши сиёсатининг бир қисмидир. 2023 йил сентябрида Арманистон билан чегарадаги сўнгги жиддий кескинликдан сўнг, жорий йилнинг февралигача чегарада вазият тинч эди. Бироқ, февраль ойида арман снайпери озарбайжон аскарини оғир яралаганидан сўнг, биз бунга ўз вақтида ва тўғри жавоб қайтаришга мажбур бўлдик", дея қўшимча қилган Алиев.

Унга кўра, Озарбайжоннинг жавоб ҳужуми бир неча дақиқа давом этган ва Арманистон озарбайжонликларни ўлдиришга уриниш жазосиз қолмаслигини тушуниши учун етарли бўлган. 

"Шунинг учун Боррель ва Макроннинг бу маълумотлари хом-хаёлдан бошқа нарса эмас", деган Алиев.

Шунингдек, Илҳом Алиев Озарбайжон тинчлик жараёни тарафдори эканини урғулаган.

“Аниқроғи, биз иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан кейин тинчлик музокаралари ташаббусини ўз қўлимизга олдик. Дарҳақиқат, биз тинч йўл билан ҳал қилишнинг 5 та асосий тамойилини ишлаб чиқдик ва тинчлик битими матни лойиҳасини тақдим этдик. Хўш, агар биз тинчликни хоҳламасак, нега буларнинг барчасини яратдик?!” дея ўртага савол ташлаган у.

Эслатиб ўтамиз, бугун Германияда Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жайҳун Байрамов ўртасида учрашув бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар қилган эдик. Эндиликда Ташқи ишлар вазирларининг Германия ТИВ раҳбари иштирокида уч томонлама форматдаги учрашув шаклида давом этаётгани эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Арманистон режа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг