Европарламент Лукашенкони ҳибсга олишга чақирди

Олам

image

Европарламент Беларусь фуқароси Александр Лукашенкони Украинанинг Россия томонидан босиб олинган вилоятларидан болаларни ноқонуний олиб чиқишда иштироки қайд этилган резолюциясини қабул қилди. Бу ҳақда Европарламент сайтида маълум қилинди.

Айтилишича, 2150 дан ортиқ болалар, жумладан, етим болалар босиб олинган Украина ҳудудларидан Беларусга кўчирилиб, уларнинг онги нотўғри маълумотлар билан “заҳарланган”.

Ҳужжатда Европарламентнинг ушбу жиноятдан хавотири ҳақида сўз боради. Шунингдек, Европа Иттифоқи вакиллари Халқаро жиноий судни Александр Лукашенкони ҳибсга олиш учун халқаро ордер бериш масаласини кўриб чиқишга чақирган.

“Европа парламенти Лукашенкони [Россия Президенти] Владимир Путин ва [болалар омбудсмани] Мария Львова-Белова каби ушбу ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб ҳисоблайди ва шу сабабли ХЖСни Лукашенкони ҳибсга олиш учун худди шундай халқаро ордер бериш масаласини кўриб чиқишга чақиради”, дейилади ҳужжатда. 

Европарламент Лукашенко режимининг Россиянинг Украинага қарши урушига аралашувини, шунингдек, унинг нафратли нутқи, дезинформацияси ва Москва даъволарига мос келадиган ташвиқотини қоралаган. Депутатлар Лукашенко режимига Россия ўқ-дорилари ва ҳарбий техникасининг кўп миқдорда етказиб берилиши, шунингдек, Россия қўшинларининг Беларусь ҳудудига киритилишидан хавотирдалигини билдирган.

“Махсус халқаро трибунал нафақат Путин ва Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти, балки Беларусь раҳбариятининг ҳам жиноятларини тергов қилиш ваколатига эга бўлиши керак”, дейилади ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусь Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг