Европада ёқилғи нархлари рекорд даражага етди
Олам
−
09:06 2373 2 дақиқа
2026 йилнинг март ойида Европа Иттифоқи мамлакатларида автомобиль ёқилғиси нархлари кескин ошган. 2025 йил мартига нисбатан бензин нархи ўртача 9,4 фоизга, дизель ёқилғиси эса 19,8 фоизга қимматлашган. Бундай тез ўсиш 2022 йилдан бери кузатилмаган. Бу ҳақда “Eurostat” хабар берди.
Энг катта ўсиш дизель ёқилғисида қайд этилган. Чехия ва Швецияда нархлар 27,6 фоизга ошган. Шунингдек, Эстонияда 26,8 фоиз, Латвияда 25,4 фоиз, Бельгия ва Нидерландияда эса 25,2 фоизга кўтарилган. Бошқа давлатларда дизель нархи ўртача 10 фоиз атрофида ошган.
Бензин нархи эса айниқса Австрия, Литва ва юқоридаги давлатларда 14–15 фоизга кўтарилган.
Энг кам ўсиш Венгрияда кузатилган: бу ерда дизель 7 фоизга, бензин эса 4,7 фоизга ошган.
Мутахассислар нархларнинг бундай кескин кўтарилишига асосий сабаб сифатида Эрон атрофидаги ҳарбий можаролар туфайли нефть маҳсулотлари етказиб берилишидаги узилишларни кўрсатмоқда. Бу ҳолат Европанинг энергия тизими глобал инқирозларга қанчалик боғлиқ эканини яна бир бор намойиш этган.
Шунингдек, Европа давлатларининг Россия энергия ресурсларидан воз кечиши ҳам муҳим омиллардан бири бўлди. Олдин Россия Европа нефть эҳтиёжининг қарийб чорак қисмини таъминлаб келган. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Европада бир нечта нефтни қайта ишлаш заводлари зарар туфайли ёпилган, бу эса таклифнинг камайишига ва нархларнинг янада ошишига олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нефть муаммоси глобал воқеага айланаётган бир пайтда, Австралиянинг Жилонг шаҳрида мамлакатдаги энг катта нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ёниб кетганди.
Live
Барчаси