Европада вазият “портлаш” даражасига етган — Шойгу

Олам 13300
image

Европада ҳозирда вужудга келган вазият портлаш даражасига етган ва уни юмшатиш бўйича қарорлар қабул қилишни талаб қилади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясида маълум қилди.

Умуман олганда, Европада вазият портловчи бўлиб, бу вазиятни юмшатиш учун аниқ чоралар кўришни талаб қилади. Россия томонидан бир қатор чора-тадбирлар таклиф қилинган. Масалан, машқлар ўтказиладиган ҳудудларни тўқнашув чизиғидан узоқлаштириш ҳақида гап борган”, деган Шойгу.

Шойгунинг сўзларига кўра, яна бир таклиф Россия Федерациясининг Европада ўрта ва қисқа масофаларга мўлжалланган ракеталарни жойлаштиришга мораторий қўйиш тўғрисидаги баёнотида айтиб ўтилган.

“Бундай ракеталар Европа мамлакатлари аҳолиси учун алоҳида хавф туғдиради, чунки улар одатий ва шу билан бирга ядровий каллаклар билан жиҳозланиши мумкин. Уларнинг Европага жойлаштирилиши европаликлар СССР ва AҚШ қарама-қаршилиги гаровига айланган даврдаги вазиятни қайтаради”, дея таъкадлайди РФ Мудофаа вазири.

Бундан ташқари, Шойгу баъзи Европа давлатлари Россия билан можарони кучайтиришдан манфаатдор деб ҳисобламоқда. Мисол тариқасида, вазир Брюсселдаги НAТО саммити арафасида “Донбассда яна бир инқирозни келтириб чиқарган” Украинанинг ҳаракатларини келтирди.

Шойгунинг сўзларига кўра, Европада ҳарбий қарама-қаршиликнинг кучайиши тенденцияси мустаҳкамланиб келмоқда. 

“Шимолий Aтлантика альянси Россия ва Беларусь Иттифоқи давлатлари чегараларига қўшинларни тезкор ўтказиш йўналишларини ишлаб чиқиб, юқори тайёргарликка эга гуруҳлар сонини кўпайтирмоқда”, дея таъкидлади у. 

Шойгу сўзининг исботи сифатида Иттифоқнинг шарқий қанотида олиб борилган ҳужумкорликни намоён қилувчи Defender-Europe машқларини келтириб ўтган.

РФ Мудофаа вазири Европадаги хавфсизлик соҳасидаги вазият кўп жиҳатдан АҚШга боғлиқлигини таъкидлади. У, шунингдек, НАТОнинг Россия билан алоқа қилишдаги ёндашуви кескинликни юмшатишга хизмат қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу конференцияси доирасида сўзга чиққан Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши фонида мамлакатда авж олган кескинликка тўхталиб, вазиятни ечиш учун тезкор чоралар кўриш ва бунга халқаро ҳамжамиятни жалб қилиш борасида фикр юритди.

Бундан ташқари, Россия Президенти Владимир Путин ҳам ушбу конференцияси доирасида сўз олиб, дунёга хавф солаётган таҳдидларни санаб ўтганди.

Шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов қатор давлатлар террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаб ўтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 381
Рейтинг: 2.9
t
×