Путин дунёга хавф солаётган таҳдидларни санади
Олам
−
23 Июнь 2021
12547Россия Президенти Владимир Путин бутун дунёга хавф солувчи таҳдидлар қаторига оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро жиноятчилик, кибержиноятчилик ва терроризмни киритди. Бу ҳақда Владимир Владимирович Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясида айтиб ўтган.
“Минтақавий қуролли тўқнашувлар, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиш хавфи, трансчегаравий жиноий гуруҳларнинг фаоллиги, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятчилар жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда. Халқаро терроризм эса аввалгидек алоҳида таҳдидлигича қолмоқда”, дейди Путин.
Унинг таъкидлашича, ушбу муаммоларнинг кўлами ва глобал характери барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади ва бундай жамоавий ишлар халқаро ҳуқуқ, БМТ уставининг мақсадлари ҳамда тамойиллари асосида амалга оширилиши керак.
“Ҳар қандай “янги ўйин қоидалари” айнан БМТ ҳомийлигида шакллантирилиши керак. Бошқаси эса тартибсизликка олиб боради”, дейди Путин.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, БМТ ташкил топганидан бери халқаро алоқалар тизимининг асоси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ушбу нуфузли ҳамда умумэътироф этилган ташкилотнинг асосий вазифаси — “глобал можаро, янги жаҳон урушининг олдини олиш”.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22-24 июнь кунлари Россия пойтахтида Халқаро хавфсизлик бўйича тўққизинчи Москва конференцияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳар йили Мудофаа вазирликлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва нодавлат экспертларни глобал хавфсизликнинг асосий саволларига жавоб излаш учун бирлаштирадиган форумдир.
Эслатиб ўтамиз, ушбу конференцияси доирасида сўзга чиққан Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши фонида мамлакатда авж олган кескинликка тўхталиб, вазиятни ечиш учун тезкор чоралар кўриш ва бунга халқаро ҳамжамиятни жалб қилиш борасида фикр юритди.
LiveБарчаси