Европа ёнмоқда: 100 миллионга яқин одам кучли иссиқдан азият чекмоқда

Олам

image

Европанинг катта қисмида экстремал иссиқ ҳаво кузатилмоқда. Германиянинг деярли барча ҳудудларида расмий иссиқлик огоҳлантирувлари эълон қилинган. Франция ва Австрияда эса юқори ҳарорат сабаб хавфнинг энг юқори даражаси жорий этилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 июнь куни Европада камида 94 миллион киши кундузи 35 даражадан юқори ҳарорат шароитида яшайди. Уларнинг аксарияти Испания ва Франция аҳолиси ҳисобланади.

Шунингдек, 350 миллиондан ортиқ одам яшайдиган ҳудудларда ҳаво ҳарорати 30 даражадан ошиб кетиши кутилмоқда. Бу Туркия ҳисобга олинмаган ҳолда Европа аҳолисининг қарийб учдан икки қисмига тенг.

Германиянинг деярли барча ҳудудларида бир неча кундан бери экстремал иссиқлик бўйича расмий огоҳлантиришлар амал қилмоқда. Фақат Шлезвиг-Гольштейн, Мекленбург – Олд Померания ва Бранденбург ерларининг айрим ҳудудларигина бу рўйхатга кирмаган.

Германия метеорология хизмати маълумотига кўра, мамлакатнинг жанубидан янада иссиқ ҳаво оқими кириб келмоқда. Бу эса жанубий-ғарбий ҳудудларда кучли иссиқликни юзага келтириб, аста-секин шимолга ҳам тарқалмоқда.

Мамлакат шимолида ҳаво ҳарорати 27–34 даража, бошқа ҳудудларда эса 32–39 даража бўлиши кутилмоқда. Кўплаб жойларда “тропик тунлар” кузатилмоқда, яъни кечаси ҳарорат 20 даражадан пастга тушмаяпти.

Синоптиклар прогнозига кўра, 25–26 июнь кунлари Германиянинг ғарбий ва жанубий-ғарбий ҳудудларида ҳарорат 41 даражагача кўтарилади. 27 июнь куни эса мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ҳаво 35–41 даражагача исиши мумкин. Метеорологлар июнь ойи бўйича янги ҳарорат рекорди ўрнатилиши эҳтимолини ҳам истисно қилмаяпти.

Францияда кучли иссиқлик электр таъминотида муаммоларни келтириб чиқарди. 24 июнь эрталаб Бретань ҳудудидаги 68 мингга яқин хонадон электрсиз қолган. Бунга Эрге-Габерик коммунал ҳудудида жойлашган электр подстанциясининг ўта қизиб кетиши сабаб бўлган. У ерда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилган.

Францияда бир кун аввал метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ кун қайд этилган. Яқин кунларда айрим ҳудудларда ҳарорат 43 даражагача етиши mumkin.

Ҳозирда Франциянинг материк қисмидаги 96 департаментдан 58 тасида иссиқлик бўйича хавфнинг энг юқори даражаси эълон қилинган. Қолган ҳудудларнинг аксариятида эса иккинчи даражали огоҳлантириш амал қилмоқда. Ҳукумат фуқароларга имкони бўлса уйдан туриб ишлашни тавсия қилган.

Австрияда ҳам экстремал иссиқлик сабаб энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Хусусан, Вена, Линц, Грац ва Клагенфурт шаҳарлари хавф ҳудудига киритилган. Австрия давлат метеохизмати маълумотига кўра, Венада ҳарорат 39 даражагача, бошқа шаҳарларда эса 37–38 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Иссиқлик тўлқини Нидерландия, Испания ва Буюк Британия каби бошқа Европа давлатларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда икки кун давом этган кучли иссиқ ҳаво оқибатида 18 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг