Францияда рекорд даражадаги жазирама оқибатида 18 киши ҳалок бўлди
World
−
23 June 2745 2 minutes
Францияда икки кун давом этган кучли иссиқ ҳаво оқибатида 18 киши вафот этди. 22 июнь куни мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Агентлик хабарига кўра, қурбонлар орасида икки ва тўрт ёшли икки нафар бола ҳам бор. Улар ёпиқ автомобил ичида ҳушидан кетган. Яна уч киши – 80 ёшдан 95 ёшгача бўлган фуқаролар иссиқ уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Қолган 13 киши эса чўмилиш учун хавфли жойларга кириб, чўкиб кетган.
Бордо ҳудудида ҳарорат 41,9 даражага етиб, ўтган йил августида қайд этилган рекордни янгилаган. Франциянинг марказий қисмидаги Пуатье шаҳрида эса ҳарорат 41,2 даражани ташкил этди. Бу 1947 йилда ўрнатилган аввалги рекорддан юқори кўрсаткичдир.
Янги ҳарорат рекордлари Европанинг бошқа давлатларида ҳам қайд этилди. Испаниянинг Сан-Себастьян шаҳрида ҳарорат 40 даражага етди. “Reuters”нинг Climate Monitor маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 22 июнь учун тарихий ўртача ҳароратдан икки баравардан кўпроқ юқори.
Буюк Британия метеорология хизмати айрим ҳудудларда ҳафта охиригача ҳаво ҳарорати 39 даражадан ошиши мумкинлигини маълум қилди. Бу 1957 ва 1976 йилларда қайд этилган 35,6 даражалик рекорднинг янгиланишига олиб келиши мумкин.
Италияда эса кеча, 22 июнь куни 12 шаҳарда жазирама сабаб энг юқори – қизил даражадаги хавф эълон қилинган.
Бельгияда аномал иссиқ об-ҳаво ёввойи қушларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ёввойи ҳайвонларни реабилитация қилиш маркази маълумотига кўра, томлар карнизи остида уя қурадиган кўплаб қушлар юқори ҳароратдан зарар кўрган. Сўнгги уч кун ичида Темплу шаҳридаги бошпанага 150 та ҳайвон олиб келинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда аномал иссиқлик етти кишининг ўлимига сабаб бўлганди. Бир қатор ҳудудларда ҳарорат рекорд даражага кўтарилган, ўнлаб одамлар шифохоналарга ётқизилган.
Live
All