Европа Россия гази учун қатъий нарх белгилаб қўймоқчи
Олам
−
06 Сентябрь 2022
11632Еврокомиссия (ЕК) Европа Иттифоқида электр энергияси истеъмолини камайтириш ва Россиядан қувурлар орқали етказиб берилаётган газ учун нархларнинг юқори чегарасини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда. Бу ҳақда кеча, 5 сентябрь куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Twitter’да ёзди.
Тахминларга кўра, у “Шимолий оқим” тўхтатилгандан кейин Европада газ нархининг кўтарилишига шундай муносабат билдирди.
“Европа Комиссияси электр энергияси истеъмолини камайтириш, Россия газига нархларнинг юқори чегарасини ўрнатиш, энергетика сектори даромадлари орқали аҳолининг заиф қатламлари ва корхоналарга ёрдам бериш, нархларнинг ўсиши туфайли ликвидлик этишмаслигини бошдан кечираётган электр энергияси ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни таклиф қилади”, деб ёзган фон дер Ляйен.
Европа Иттифоқининг ўткир энергетика инқирозини енгиш бўйича таклифларини таърифлар экан, у Москвани “энергиядан қурол сифатида фойдаланишда” айблади.
“У ютқазади! Европа ғалаба қозонади!”, деб якунлаган Европа Иттифоқи ижроия ҳокимияти раҳбари ўзининг твитини.
Ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган, аммо 2009 йилдан бери Европа Иттифоқи бозорида Россияни камситувчи бир қатор тартибга солувчи меъёрларни қабул қилиш натижасида Европа Комиссияси томонидан йўқ қилинган Россия газини ЕИга етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар иттифоқнинг газга бўлган эҳтиёжининг 40 фоиздан ортиғини таъминлади. Қувурдан етказиб бериладиган рус гази ҳар доим муқобил етказиб берувчиларга нисбатан Европада энг арзон ёқилғи бўлиб келган.
“Bloomberg” агентлигига кўра, ЕИ мамлакатлари экспертлари 7 сентябрь куни Россиядан импорт қилинадиган газга нарх чегарасини жорий этиш масаласини муҳокама қилади.
“Чекланган нарх Россия газ таъминотини тўлиқ тўхтатиб қўйган ҳолда, уни чегараланган нархда сотганидан кўра ёмонроқ вазиятга тушиб қоладиган шаклда ишлаб чиқилиши керак. Ўтган ўн йилликда (2010-2020) Россия газининг нархи бир МВт/соат учун 5 евродан 35 еврогача бўлганини ҳисобга олсак, ушбу даражадан юқори бўлган ҳар қандай нарх Россиянинг маржинал ишлаб чиқариш харажатларидан юқори бўлади”, дейилади “Bloomberg” мақоласида.
Эслатиб ўтамиз, “Шимолий оқим”нинг ягона ишлайдиган турбинасига техник хизмат кўрсатишда носозликлар аниқлангани учун номаълум муддатга тўхтатилган.
Шунга қарамай “Газпром” Европага Украина ҳудудидан “Суджа” газ ўлчаш станцияси (ГЎС) орқали кунига 42,7 миллион куб метр газ етказиб беряпти.