Европа лигаси финалчилари аниқланди
Спорт
−
08 Май 1279 1 дақиқа
Кеча, 7 май куни Европа лигаси ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Германиянинг “Фрайбург” ва Англиянинг “Астон Вилла” жамоалари мусобақанинг финал босқичига йўл олди.
Ярим финал учрашувида “Фрайбург” Португалиянинг “Брага” жамоасини ўз майдонида 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Мезбонлар сафида Лукас Кюблер 19 ва 72-дақиқаларда дубль қайд этди. Яна бир голни Жоан Манзамби 41-дақиқада урди. Меҳмонларнинг ягона голига эса, Пау Виктор муаллифлик қилди. Учрашувнинг 7-дақиқасида Марио Доржелес рақибнинг голли имкониятини тўхтатгани учун қизил карточка олди. Дастлабки баҳсда “Фрайбург” 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди, аммо икки ўйин натижасига кўра, германияликлар финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ярим финалнинг бошқа учрашувида “Астон Вилла” ўз майдонида “Ноттингем Форест”ни 4:0 ҳисобида таслим этди. Голларга Олли Уоткинс (36), Эмилиано Буэндия (58, пенальти) ҳамда Жон Макгинн (77, 80) муаллифлик қилди. Дастлабки учрашувда “ўрмончилар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Эндиликда “Фрайбург” ва “Астон Вилла” жамоалари Европа Лигаси чемпионлиги учун ўзаро тўқнаш келади. Ҳал қилувчи финал учрашуви жорий йилнинг 20 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.
Live
Барчаси