Европа Эрон билан ядровий музокара ўтказади – “Reuters”
Олам
−
19 Июнь 3978 2 дақиқа
Германия, Франция ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари Женевада эртага, 20 июнь куни эронлик мавқедоши Аббос Ароқчи билан ядровий музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда немис дипломатик манбасига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар қилди.
“Вазирлар Эрон Ташқи ишлар вазири билан қўшма йиғилиш ўтказишдан аввал Германиянинг Женевадаги доимий ваколатхонасида Европа Иттифоқи бош дипломати Кая Каллас билан учрашади”, деди манба.
Европа ташаббуси ўтган ҳафта Исроил ўзининг ашаддий душмани Эронга кенг кўламли ҳарбий зарбалар бергани ва бунга жавобан Эрон Исроил нишонларига ракеталар тўлқинларини юборганидан сўнг, Яқин Шарқда кескин можаро юзага келишидан қўрқув фонида пайдо бўлди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар иттифоқчиси Исроилнинг ҳарбий кампаниясига қўшиладими ёки йўқлигини айтишдан бош тортди, бу эса инқироз кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.
Немис манбасининг айтишича, Эрон ва европаликлар ўртасида АҚШ билан келишилган ҳолда ўтаётган музокаралардан мақсад Эрон томонини ядро дастуридан фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланишига қатъий кафолат беришга кўндиришдир. Манбага кўра, музокаралардан сўнг экспертлар даражасида тузилган мулоқот ўтказилиши режалаштирилган.
Исроил мақсади Теҳроннинг ядровий қурол яратиш қобилиятини йўқ қилиш эканини айтди. Эрон эса ядро дастури ҳарбий мақсадларга қаратилганини рад этади.
Германия канцлери Фридрих Мерц Исроил ҳужумини қўллаб-қувватлади ва бу ҳафта Теҳронни ғазаблантирди ва эронликлар кескинликни пасайтириши ёки ундан ҳам каттароқ ҳалокат таҳдидига дуч келиши мумкинлигини айтди.
Шу билан бирга, кеча, 18 июнь куни Германия Ташқи ишлар вазири Иоганн Вадефул Эрон раҳбарларини ядро дастури бўйича кафолатларни ўз ичига олувчи ечим йўлида ишлашга чақирди.
“Музокаралар столига ўтириш учун ҳеч қачон кеч эмас”, деди у.
Қайд этиш жоиз, АҚШ ва Эроннинг Уммон воситачилигидаги Теҳрон ядровий дастури бўйича келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича 5 марта музокара ўтказган. Уларнинг биринчиси 12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда, иккинчиси 19 апрель куни Римда, учинчи ва тўртинчиси 26 апрель ва 11 май куни яна Уммон пойтахтида ва бешинчиси 23 май куни яна Италия пойтахтида бўлиб ўтган. Маслаҳатлашувларда Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Америка делегациясига эса Президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилик қилди. Музокараларнинг олтинчи раунди 15 июнь куни Уммонда бўлиши керак эди. Бироқ 13 июнь куни Исроил Эронга ҳужум қилишни бошлаганидан сўнг бу музокаралар тўхтаб қолди.
Live
Барчаси