Европа давлатлари мигрантларни тўхтатиш учун тўсиқ қурмоқчи
Олам
−
09 Октябрь 2021
4947Польша, Греция ва Литва каби Европа Иттифоқига аъзо 12 давлатнинг Ички ишлар вазирлари Брюсселдан ноқонуний миграцияга қарши тўсиқлар ўрнатишни молиялаштиришни сўраб, хат юборди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар бермоқда.
Европа Комиссиясига юборилган хатда, ички ишлар идораси раҳбарлари ушбу қадам ЕИга қўшни давлатларининг муҳожирларни қурол сифатида ишлатиишларига қарши туриш учун зарур деб, ёзилган.
Мактубда таъкидланишича, “жисмоний тўсиқ” “чегараларни ҳимоя қилишнинг самарали усули” ҳисобланади ва бу нафақат муҳожирларни биринчи қарши оладиган давлатлар, балки бутун ЕИ манфаатларига мос келади.
“Бу қонуний чора, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи бюджетидан қўшимча ва етарли маблағ олиши керак”, деб ёзган вазирлар.
Қайд этилишича, ҳужжатни Австрия, Болгария, Кипр, Чехия, Дания, Греция, Венгрия, Эстония, Латвия, Литва, Польша ва Словакия Ички ишлар вазирликлари раҳбарлари имзолаган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 октябрь куни Люксембургда ЕИ давлатлари Ички ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда улар блокнинг ташқи чегараларини мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, келаётган мигрантлар билан қандай муносабатда бўлишни муҳокама қилган.
Худди шу куни Европа Комиссияси Литвага Беларусдан кириб келган ноқонуний муҳожирларни жойлаштириш, шунингдек уларни бирламчи буюмлар билан таъминлаш учун 30 миллион еврога яқин маблағ ажратган.
LiveБарчаси