Евро-2024 олдидан Нидерландия жиддий йўқотишга учради
Спорт
−
11 Июнь
2884Нидерландия терма жамоасининг асосий ярим ҳимоячиси ва етакчиси Френки де Йонг 2024 йилги Европа чемпионатини ўтказиб юборади. Бу ҳақда терма жамоа бош мураббийи Исландияга қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
Де Йонг апрель ойида “Барселона” сафида олган тиззасидан олган жароҳати оқибатида ўзини ёмон ҳис қилаётганди, бироқ кейинроқ клуб тиббиёт ходимлари футболчи жарроҳлик амалиётига муҳтож эмас деб қарор қилди ва у мавсумни давом эттирди.
Евро-2024'га тайёргарлик бошланганидан кейин футболчи тиззасида оғриқни ҳис қилишда давом этди ва терма жамоа шифокорлари уни турнирда ўйнатмасликка қарор қилди.
“Учар голландлар” бош мураббийи Рональд Куман Исландияга қарши ўртоқлик учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ҳолат юзасидан “Барселона”ни айблади.
“Френкида жароҳат бор, шунинг учун биз унинг соғлиғи ҳақида ўйлашимиз керак. Унинг клуби таваккал қилишга қарор қилди ва бунинг жабрини эса биз кўряпмиз”, дейди Куман.
Маълумот учун, Нидерландия Евро-2024'даги илк ўйинини 16 июнь куни Польшага қарши ўтказади. Шунингдек, Рональд Куман шогирдлари гуруҳ босқичида Франция ва Австрия билан баҳс олиб боради.
LiveБарчаси