Нидерландияда ўзбекистонлик оила икки йил черковда яшагани маълум бўлди

Олам

−

visibility3847 timer2 дақиқа

image

Нидерландияда 12 йилдан бери яшаб келаётган ўзбекистонлик Бабаянцлар оиласи икки йил давомида бошпана топган черковни тарк этишга тайёрланмоқда. Янги яшаш рухсатномасини олиш учун ариза топширган тўрт фарзандли оила унинг кўриб чиқилиши давомида мамлакатда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда NL Times хабар берди.

Маълум қилинишича, Бабаянцлар оиласи 2014 йилдан бери Нидерландияда яшайди. Сўнгги икки йил давомида улар Кампен шаҳридаги Open Hof черковида бошпана олиб келган. Эндиликда оила черковни ўз хоҳишига кўра тарк этишга қарор қилган.

Черков бошпанасини мувофиқлаштирувчи Ҳерман Стомпхорстнинг айтишича, бошпана изловчиларни жойлаштириш билан шуғулланувчи COA ташкилоти оила учун турар жой тайёрламоқда. Янги манзил тайёр бўлгунига қадар улар черковда қолиши мумкин.

Оила адвокати Инге Зуидхукнинг маълум қилишича, янги ариза шу ҳафта топширилган. Уни тайёрлаш жараёнида оиланинг ўзи ва унинг Нидерландия билан боғлиқлиги ҳақида қўшимча маълумотлар киритилган. Адвокат бу далиллар Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати (IND) томонидан аризани қайта кўриб чиқишда инобатга олинишига умид қилмоқда.

Қайд этилишича, жорий йил июль ойида Нидерландия Давлат кенгаши узоқ йиллардан бери мамлакатда яшаб, шу ерда ҳаётини йўлга қўйган фарзандлари бор уч нафар бошпана изловчи оилага қолишга рухсат бериш ҳақида қарор чиқарган. Олий маъмурий суд бундай ҳолатларда болаларнинг манфаатларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган.

Черков бошпанасини мувофиқлаштирувчи Стомпхорст янги ариза узоқ вақт кўриб чиқилишидан хавотирда эканини билдирган. Шу билан бирга, у Давлат кенгашининг аввалги қарори оилага умид бераётганини айтган. Бироқ ариза яна рад этилиши эҳтимоли ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатни тарк этмай, ноқонуний яшаб келган Ўзбекистон фуқароси депортация қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг