Ёшлар иттифоқидан пулини ололмаётган тадбиркор очлик эълон қилмоқчи
Жамият
−
11 Декабрь 2020
5895Ижтимоий тармоқларда жиззахлик тадбиркор “Jizzax real qurilish ta’mir” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Сотволдиев 15 декабрь куни Тошкентда Ёшлар иттифоқи биноси олдида очлик эълон қилиб, ўзини-ўзи ўлдирмоқчи бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, у Ёшлар иттифоқи учун 14 миллиард 343 миллион сўмлик бинони ўз маблағлари ҳисобидан қуриб битказган. Аммо 9 миллиардга яқин пулини ҳалигача ундириб ололмаяпти. Шуҳрат Сотволдиев Ёшлар иттифоқи раҳбарлари бир ярим йилдан бери пулимни бермай, мени сарсон қилишаяпти, деган.
Тадбиркорнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси, Бош прокурор ва бир қатор интернет нашрларига мурожаати баён этилган хати ҳозирда ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Унда шундай дейилган:
“Мен муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14 млрд 343 млн сўмлик бинони деярли ёнимдан қурдим. Шундан салкам 9 млрд сўмини ҳали олганим йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари мени бир ярим йилдан бери сарсон қилиб, адойи тамом қилди. Бор-будимдан айрилиш арафасида турибман. Ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етиб келдим.
Шу йил 15 декабрь куни тонгда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қиламан. Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Менинг ортимда турган 300 дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари, блогерлар, Сизлардан илтимос!
Мени алдаб ҳар куйга солиб келаётган Ёшлар иттифоқи раҳбарларининг қилмишларини ҳамма кўриб қўйиши учун ушбу жараённи ёритсангизлар, токи аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар фирибгарлар ва бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган шахслар ортидан эргашаётганини билиб қўйишсин!
Ҳурматли Бош прокурор Ниғматилла Тўлқинович!
Сиздан илтимос, мабодо очликдан иттифоқни остонасида вафот этгудек бўлсам, мени ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етказган Ёшлар иттифоқи масъулларига нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман”, деган тадбиркор ўз мурожаатида.
Ёшлар иттифоқи буюртмачи ташкилот "Ёшлар қурилиш инвест"нинг қурувчи олдидаги жами қарздорлигининг 9,4 млрд сўм қисми қопланганини маълум қилди. Яна 5,6 млрд сўм қарз мавжуд. Аввалроқ, буюртмачи фаолияти бўйича аудит ўтказилган ва натижада қатор молиявий камчиликлар аниқланган.
“Биз қурувчининг иш ҳақини олиши тарафдоримиз. Лекин муаммонинг шу даражага келиб қолишига сабабчи бўлган ва „сувни лойқалатаётганлар“ албатта қонун олдида жавоб беради”, дейилади иттифоқ хабарида.
LiveБарчаси