“Менга банан, апельсин керак, дейдиганлари ҳам бор”. Хайрия марказидан эксклюзив репортаж

Интервью

Яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Унинг вилоятлардаги бўлимлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда. Хўш, Тошкентдаги ушбу марказ ишлаш тизими қандай йўлга қўйилган? У ерда кимлар меҳнат қилмоқда? Хайриялар қай тартибда эгаларига етказилади? QALAMPIR.UZ шу ва бошқа саволларга жавоблар олиш учун Юнусобод туманидаги “Ўзэкспомарказ” биносида ташкил қилинган хайрия марказига борди.

Бинога кириш-чиқиш санитария қоидаларидан келиб чиқиб қаттиқ назоратга олинган. Ичкарига махсус кийимларда кириш талаб этилади. 

Марказ фаолияти учга бўлинган. Биринчи бўлимда “Call марказ” ташкил қилинган бўлиб,  бу ерга эҳтиёжманд оилалар қўнғироқ қилади ва операторлар улар ҳақида керакли маълумотларни тўплайди. 

Марказга турли кайфиятдаги, кўпроқ руҳий тушкунликдаги фуқаролар мурожаат қилади. Бу албатта мутахассисдан профессионалликни талаб қилади. Шуларни ҳисобга олиб, “Call марказ”да Тошкент стоматология институтининг 32 нафар ёш волонтёрлардан иборат “медик волонтёрлар” жамоаси шакллантирилган. Қўшимча волонтёрлар керак бўлса, бу ҳақда албатта, ижтимоий тармоқларда хабар қилинади.

“Call марказ”да иш вақти соат 9:00 дан 17:00 гача. Битта оператор 1197 рақами орқали кунига ўртача 100-250 тагача қўнғироқни қабул қила олади.  Кўпчиликнинг қайта қўнғироқларини ҳисобга оладиган бўлсак, марказга бир кунда 350-400 мингтача қўнғироқ бўлади. 

Кунига 2500-3000 фуқарога озиқ-овқат етказиш учун маълумотлар қабул қилинмоқда. “Call марказ” тизимида яна бир қизиқ ҳолат бор. Агар қўнғироқ қилганлар саксонинчи ўриндан пастки ўринда бўлса, “автоответчик” унинг нечанчи ўринда эканини айтмайди. Навбатни ўз-ўзидан бекор қилиб юборади. Сабаби бир фуқаро билан мулоқот қилиш камида 2-2,5 дақиқани талаб қилади.

“Волонтёрларимиз оғир кунларда кўнгилли сифатида халқимизга, ҳурматли юртбошимизга камарбаста бўлиш учун ёрдамга келган. Бизга ҳар хил ҳолатдаги инсонлар (ёлғиз қариялар, тушкунликдаги фуқаролар) мурожаат қилишади. Шу инсонларга руҳий далда бўлсин деб жамоамизга психологларни ҳам жалб қилганмиз”, дейди Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев.

Иккинчи босқичда “Call марказ” келиб тушган маълумотлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимларига берилади. Улар маълумотларни филтрлаб, етказиб берувчиларга маҳсулотларни тайёрлаш учун юборади. Шундай қилиб 2500 та мурожаатчи бўлса, яхшилаб ўрганилгач, уларнинг сони 1500 тагача ҳам камайиши мумкин. Эҳтиёжмандларга маҳсулотлар етиб борган-бормаганини билиш учун “қайта қўнғироқ” тизими ҳам ишга туширилган. Бунда волонтёрлар рўйхатдаги фуқароларга бирма-бир қайтадан қўнғироқ қилиб чиқишади. 

Ташкил қилинган тизимда босқичлар жорий қилинган бўлиб, қўнғироқ қилинганда “янги” деган ном берилади. Маълумотлар иккинчи блок, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимларига узатилганда, “ишланмоқда” деган тизимга ўтади. Улар мурожаатни саралаб маҳсулотни тарқатувчи бўлимга бергач, “йўлда” тизимига ўтади. Саралаш бўлимида мурожаат бекор қилинса, “бекор қилинди”, аксинча, етказиб берилса, “бажарилди” тизимига ўтади. Алишер Саъдуллаев нима учун айрим инсонлар марказнинг рақамларига туша олмаётгани ҳақидаги саволга жавоб бериб ўтди.

“Жорий қилинган 1197 рақами аввалига бутун республика учун очиқ бўлди. Жойлардан қўнғироқлар бўлиб турди. Шуни ҳисобига қўнғироқлар сони кескин ошиб кетди ва шаҳар аҳолисининг айримлари операторларимизга улана олмади. Биз бошқа вилоятлардан ҳам тезроқ шундай марказ ташкил қилишларини сўраяпмиз. Шунда улар яшаш жойидан керакли маҳсулотни ўз вақтида олиши мумкин бўлади. 

Шундагина бизнинг ҳам ишимиз осонлашади, айнан Тошкентнинг ўзига максимал даражада хизмат кўрсата оламиз. Telegram мессенжери орқали қўшимча тизимларни ҳам жорий қилишни режалаштирганмиз. Бунинг учун аввало ҳисоб-китобларимизни ўрнига қўйиб олишимиз керак бўлади. Бу вақтда барчадан сабр қилиб, бизни қўллаб-қувватлаб туришларини сўрардик”, дейди Саъдуллаев.

“Call марказ”да ишлаётган волонтёрлардан бири Розия Анварова ишга келиб-кетиш жараёни ҳақидаги саволимизга қуйидагича жавоб берди.

“Ҳар бир волонтёрнинг ўз исм-фамилияси ва яшаш манзили ёзилган “checklist” (назорат рўйхати) мавжуд. Ҳар куни эрталаб транспорт ишга олиб келади ва иш вақти тугагач, уйга олиб бориб қўяди”, дейди Розия Анварова.

Айтилганидек, “Call марказ”даги операторлар барча маълумотларни йиғгач, иккинчи бўлим – берилган маълумотларни тўғри ёки нотўғри экани, мурожаат қилган инсон ростан ҳам хайрияга муҳтож ёки муҳтож эмаслигини ўрганувчи мутахассислар бўлимига юборади. Бу ерда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлардан келган мутахассислар ишлайди. Улар ёрдам сўраб мурожаат қилган инсонларнинг молиявий аҳволи, шароитини ўрганади. Бунда уларга жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари кўмаклашади.

Марказ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туман ҳокимликлари, мустақил волонтёрлар ва Ёшлар иттифоқи каби бир нечта ташкилотларни бирлаштирган. Сўнгги бўлим эса юборилган хайрияларни санитария талабларига риоя қилган ҳолда қабул қилиб олиб, кейин сараланган рўйхат бўйича маҳсулотлар эгаларига тарқатиладиган блок ҳисобланади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова ушбу блок ҳақида тўлиқ маълумотларни улашди.

Ҳар бир хайрия маҳсулотлари ҳақидаги маълумотлар компютерларга киритилади. Картошка, ун, ёғ, гуруч, макарон, шакар каби 10 турдаги бирламчи маҳсулотлар сараланади. Алоҳида гуруҳлар эҳтиёжманд инсонга зарур жамланмани шакллантиради. Бундан ташқари, мураббоғ, табиий шарбат ва шу каби маҳсулотлар ҳам эҳтиёжга қараб тарқатилмоқда.

“Мен ҳар куни бир неча ҳомийлар билан гаплашаман. Уларнинг кўзида эзгулик кўрасиз. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдирсам, руҳияти кўтарилиб, яна нима ёрдам керак дейишади. Куни кеча бир дорихона мудираси келиб тўққиз мингта ниқоб берди. Ташаккур айтганимиздан кейин, ортиқча 5 миллион сўм пулим бор, сизларга яна қандай ёрдамим тегиши мумкин дейди. 

Бундай ишларда ишончнинг йўқ бўлгани тинчлик даврида эди. Ҳозир биз “ақлли душман” бўлган вирусга қарши курашаётган давримизда бирлашишимизга ўзаро ишончнинг зарур эканини вақт кўрсатиб беряпти. Агар биз бунақа шароитда бир-биримизга ишонмасак, бундай “ақлли душман”ни ютиб чиқа олмаймиз. Ўзаро ишонч ва тартиб-интизом бундай даврда жуда зарур ҳисобланади. Тартиб-интизом бўлмаса, карантин қоидаларига амал қилмасак, касаллар сонини кўпайтирамиз”, дейди Элмира Боситхонова.

Боситхоновага кўра, хайрия маркази ташкил қилинди,  у ишлаяпти, демак ҳаммаси яхши бўлади деган стереотипдан йироқ бўлиш керак. Президент айтганидек, ҳамма доимий изланишда бўлиши зарур. Жамиятнинг кўпчилик қисми бирлашди. Қолган қисми ҳам бирлашиши учун вақт керак бўлади.

“Баъзилар сизлар менга овқат учун маҳсулотлар юборибсиз. Мен ўз қозонимни ўзим қайната оламан. Менга банан, апелсин каби фойдалироқ маҳсулотлар керак, деган талаблар бўляпти. Биз бундай талабларга ҳам имкон қадар мослашяпмиз. Бизга дори-воситалар келса ҳам ўз эгаларига етказиб беряпмиз. “Соғлом авлод учун” хайрия фонди берган аллергия ва шу каби алоҳида касалликларга қарши ишлатиладиган дори-дармонларни шаҳардаги 11 та марказий поликлиникаларга юборамиз. У ердаги шифокорлар уларни диагнози бўйича ўз эгаларига тарқатади”, дейди вазир ўринбосари.

Марказга кириб келаётган ҳар бир маҳсулот санитар-шифокор назоратидан ўтади ва сараланади. Марказда қўлни-қўлга бериб ишлаётган ҳар бир ходим ҳомийлар энг сара маҳсулотларни келтираётганини алоҳида таъкидлаб, уларга миннатдорчилик билдирди. 

Учтепа туман ҳокими ўринбосари Замира Азимбоева туманлар кесимида эҳтиёжманд оилалар қандай ажратиб олинаётганига изоҳ берди. Унинг қайд этишича, марказга бўлаётган қўнғироқлардан ташқари тумандаги сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирокида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қолган кексалар ва бошқа эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилмоқда. Уларга маҳсулотлар юборилгандан кейин 1 ҳафта ўтгач яна холидан хабар олинмоқда. 

“Рўйхат қайта текширилгач, хайрия маркази штабига берилмоқда. Рўйхат нафақат 1197 рақами орқали, балки маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг қилган таҳлили асосида ҳам тузилмоқда. Биргина Учтепа туманида мингдан ортиқ оилаларга моддий ёрдамлар тарқатилди. Оилалар маҳсулотлари ҳафта ўн кунда тугагач, МФЙ ёки 1197 рақамига боғланса, яна уларга маҳсулотлар юборилади.

Кеча Учтепа туманидаги 711 та хонадонга хайрия маҳсулотлари юборган бўлсак, бугун 500 га яқин хонадонни режалаштирганмиз. Ҳозир оғир дамлар бўлгани учун дам олишсиз ишламоқдамиз. Ўйлаймизки, шаҳардаги барча қийналган фуқароларимизга кўрсатилаётган ёрдамларимиз ўз вақтида етиб боради. Рўйхат доим янгидан шакллантирилиб, тизим асосида текширилиб борилади”, дейди Замира Азимбоева.

Гувоҳи бўлганингиздек, бир кунда хайрия марказининг 1197 рақамига минглаб фуқаролар мурожаат қилмоқда. Уларни ходимлар саралаб таҳлил асосида ўрганмоқда. Вазирлик ва ҳокимлик масъуллари назоратида 10 дан ортиқ турдаги бирламчи маҳсулотлар эҳтиёжманд фуқароларга етказиб берилмоқда. Марказга хайрия қилувчи тадбиркорлар сони ошаётгани эса кишини қувонтиради. Бугун эҳтиёжманд оилалар учун манфаатсиз, мансаб ва моддий бойлик талаб қилмай, уйда оиласи, фарзандларини қолдириб ишга келаётганларга қанча ташаккур айтсак оз. Устимиздаги махсус либос, бошимиздаги бош кийими ва туфлимиз устидан кийилган целофанни ечиб ўзимизни ташқарига урдик. Ташқарида ҳаво нафаси. Танамиз роҳатланди, ичкарида одамга гўё ҳаво етмаётгандек. Лекин ичкаридагилар буни фарқламайди. Савоб йўлида тушликни ҳам унутиб, жавлон уриб меҳнат қилмоқда. 

COVID-19 ёки “Ақлли душман”ни енгиш учун барчамиз жипслашиб ҳаракат қилишимиз талаб этилади. Бундай вазиятда ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватласа, касаллик шунча эрта чекинади. Жамиятда ижобий маънода ёнаётган инсонларимизни қўллаб-қувватлайлик. Айтадику, сен ёнмасанг, мен ёнмасам, бу дунёни ким иситади. Биздан талаб қилинадигани эса белгиланган тартибларга риоя қилиш, атрофимиздаги воқеаларга бефарқ бўлмаслик ва вирусга очиқ “фронт”ларда курашаётганларга руҳий кўмак берайлик. Бундай вақтда уйда қолинг ва уйда ҳаёт бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Ёшлар иттифоқи Алишер Саъдуллаев Хайрия маркази Call марказ

Баҳолаганлар

222

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг