Ёшлар иттифоқи очлик эълон қилмоқчи бўлган тадбиркорнинг пулини тўлаб берди

Жамият

image

Аввалроқ, жиззахлик тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев Ёшлар Иттифоқи учун Жиззах вилоятида инновацион ёшлар марказини ўз маблағлари ҳисобидан 14 млрд 343 млн сўмга қуриб бергани ва ҳамон пулини ололмаётганидан норозилиги ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 14 декабрь куни “Jizzax real qurilish ta’mir” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Сотволдиев ва “Yoshlar qurilish invest” МЧЖ (Ёшлар иттифоқи) масаланинг ечими бўйича бир тўхтамга келган.

Томонлар амалга оширилган қурилиш бўйича келишув битими имзолаган. Янги битимга кўра, тадбиркорнинг харажатлари 14,3 миллиард сўмдан 11,4 миллиард сўмга туширилган. 

Шунингдек, “Yoshlar qurilish invest” МЧЖ инвесторлардан тадбиркорнинг тўлиқ ҳақини олиб берган.

“Бугун ушбу ҳужжатлар асосида Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан 3,6 миллиард сўмлик маблағлар қоплаб берилди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман, энди 300 дан ортиқ ишчи хизматчилар ўз иш ҳақларини оладиган бўлди.

Бу ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларга чиқишимни маслаҳат берганлар ҳам бўлган эди. Асосийси, масала ечилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан ҳеч қандай даъво эътирозим йўқ”, деган тадбиркор.

Эслатиб ўтамиз, “Jizzax real qurilish ta’mir” МЧЖ директори Шуҳрат Сотволдиев имзолаган хат сурати ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Хатда тадбиркор Президент топшириғи ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14,3 миллиард сўмлик бинони деярли ўз ҳисобидан қургани қайд этилган. Бироқ у ташкилотдан мазкур маблағларни ололмаётгани ва шу сабабли 15 декабрь куни иттифоқнинг марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қилмоқчи эканлигини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ёшлар иттифоқи

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг