Янги тузилаётган Ёшлар ишлари агентлигидан нима кутмаслик керак? Сўз Алишер Саъдуллаевга
Жамият
−
03 Март 2020
9429Жорий йилнинг 28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ёшлар иттифоқи раиси, энг ёш сенатор Алишер Саъдуллаев QALAMPIR.UZ мухбирининг саволларига жавоб берди. Саъдуллаевга кўра, янги тузилаётган Ёшлар ишлари агентлиги кўзбўямачиликдан қочадиган, ёшлар сиёсатини юритадиган реал ташкилотга айланади.
“Янги тузилаётган Ёшлар ишлари агентлиги кўпроқ сиёсатни юритадиган ташкилотга айланишни мақсад қилган. Бутун Ўзбекистонда ёшлар сони кўп. Уларни бир ташкилотга бириктириш иложсиз. Лекин қонунга кўра, ҳар бир ташкилот раҳбари, масъуллар ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш мажбуриятини зиммасига олади. Тузилаётган агентликнинг мақсади мана шу тизимни самарали ишлашини йўлга қўйиш ҳисобланади. Агар ҳозир яна биз ҳаммани қамраб оламиз, ҳаммани бўш иш ўринларига жойлаштирамиз, ҳамма бизнесмен бўлади, десак бу кўзбўямачилик ёки ёлғон бўлади. Ундай ишни қила олмаймиз”, дейди сенатор Саъдулллаев.
У шунингдек, янги агентликда ташкил этиладиган, чуқур таҳлилларни амалга оширадиган “Think tank” (ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий, технологик ва бошқа соҳаларда чуқур таҳлиллар билан шуғулланадиганлар) марказларининг фаолияти ҳақида гапириб ўтди.
“Ҳозирги кунда билим олиш учун ёшларимизнинг кўпчилигида олий таълим муассасалари бўйича таклифлари, норозиликлари, фикрлари бор. Нима қилиш керак? Буларни чуқур ўрганиб, тегишли вазирликка етказиб бериш керак. Инглизлар бундай таҳлилчиларни “Think tank” (ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий, технологик ва бошқа соҳаларда чуқур таҳлиллар билан шуғулланадиганлар) деб номлайди. Очиқ айтсак, бизда мана шундай чуқур таҳлил қилиб ёшларнинг манфаатини ҳимоя қила оладиган мутахассислар етарли эмас. Агентликнинг энг асосий мақсадларидан бири мана шундай “Think tank” ташкилотлар туза олиш ҳисобланади. Бирор бир ташаббус бўлса, ёппасига қилиб кетиш керак эмас. Уни яхшилаб таҳлил қилиш лозим.
Бизга ўзини-ўзи банд қиладиган “freelancer” деган тизим кириб келмоқда. Республикада йилига 500-600 минг янги иш кучи пайдо бўлмоқда. Уларни қандай банд қиламиз? Уларга янги замон, янги шароит яратишимиз керак. Охирги вақтлар Ўзбекистонда интернет тезлиги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Янги иш ўринлари яратиш учун бизга “freelancer”лар, график дизайнерлар ёки IT технологияларини яхши тушунадиган дастурчилар керак. Уларга нима керак? Уларга яхши бир компьютер ва тезкор интернет бўлса, улар ўз ишини топиб кетади. Уларнинг муаммосини йиғиб, керакли жойга олиб чиқиб бера оладиган ташкилот бўлиши керак”, дейди Ёшлар иттифоқи раиси.
Алишер Саъдуллаевга кўра, “агентликда ўзининг ташаббуси билан янги лойиҳа қиламан деб келган ёшларга грант, молиявий кўмак бера олиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Ҳозирда мутахассислар бу вазифалар устида ишламоқда. Уларнинг бўлимлари қандай очилади, улар қандай вазифалар билан шуғулланади деган саволлар чуқур таҳлил қилинмоқда. Янги иш ўрни очиб, давлатнинг бюджетини самарасиз сарфлаш жуда осон. Очилган штатлар қандай фаолият билан банд бўлади? 300 минг аҳолига эга туманда ҳам штатда 3 киши ўтиради, 10 минг кишилик туманда ҳам 3 киши ўтиради деган нарса ҳам тўғри келмайди. Уларнинг KPI – key performance indicator (асосий ишлаш кўрсаткичи) қандай бўлади, самарадорлиги қанақа бўлади, чуқур таҳлил қилиб охирги кўриниши тақдим қилиниши режалаштирилган”.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 27 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини ташкил этиш ҳақида сўзлаганди. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлишини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь