Ёшлар иттифоқи тугатилади

Жамият 21901
image

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тугатилиб, унинг негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув вақтида айтиб ўтган.

Президент бугун ёшлар билан учрашувда мамлакатда ёшлар сиёсатига тўғридан-тўғри масъул бўлган давлат органига эҳтиёж борлигини таъкадлаган.

“Германияда Оила, кексалар ва ёшлар масалалари вазирлиги, Францияда Ёшлар ва спорт вазирлиги, Туркияда Ёшлар ва спорт вазирлиги, Сингапурда Маданият, коммуникация ва ёшлар вазирлиги, Россияда Федерал ёшлар агентлиги мазкур вазифани бажаради”, дейди Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари халқаро тажрибани ўрганиб, янги агентлик ташкил этиш таклифи ишлаб чиқилиши кераклигини айтган.

“Шу муносабат билан бир ой муддатда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини ташкил этиш, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси самарадорлигини ошириш бўйича таклиф киритилсин”, деган Мирзиёев.

Маълумот учун, Ёшлар иттифоқи 2017 йил 30 июнь куни 2001 йилда ташкил этилган “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида ташкил этилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 847
Рейтинг: 2.9
t
×