Ернинг астероид билан тўқнашиш эҳтимоли рекорд даражада ошди

Бу қизиқ

image

Ер билан тўқнашиш хавфи юқори бўлган 2024 YR4 астероиди бўйича NASA янги ҳисоб-китобларини эълон қилди. Унга кўра, бу осмон жисмининг сайёрага урилиш эҳтимоли 3,1 фоизга етди. Бу ҳақда NASA сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич тарихий даража деб баҳоланмоқда. NASA’нинг Яқин Ер объектлари тадқиқот маркази (CNEOS) берган сўнгги маълумотларга кўра, ушбу эҳтимол аввал 1,2 фоиз (1 дан 83 га) деб баҳоланган, кейинчалик 2,3 фоиз (7 февраль), сўнг 2,6 фоиз даражасига кўтарилган. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, бу эҳтимол энг юқори нуқтага етди. Бу замонавий кузатувларда энг хавфли астероид сифатида қайд этилди. Аввалроқ, 2004 йилда Apophis астероиди 2029 йилда Ерга урилиш эҳтимоли 2,7 фоиз деб баҳоланган эди, бироқ кейинги кузатувлар бу хавфни буткул рад этди.

NASA ва Европа Космик агентлиги (ESA) экспертларининг таъкидлашича, 2024 YR4 астероиди диаметри 40 метрдан 90 метргача бўлиши мумкин. Агар у Ерга урилса, портлаш қуввати 8 мегатон ТНТга тенг бўлади. Бу Ҳиросимага ташланган атом бомбасидан 500 баробар кучлироқ.

“Богота (Колумбия), Лагос (Нигерия), Мумбай ва Ченнаи (Ҳиндистон) каби зич аҳоли яшайдиган шаҳарлар астероиднинг эҳтимолий йўналишида жойлашган. Хавф остидаги аҳоли сони 110 миллион кишига етиши мумкин. Агар астероид Нью-Йорк, Париж ёки Лондон каби шаҳарларга тушса, бутун шаҳар ва атроф-муҳит бутунлай вайрон бўлиши мумкин”, дейди Planetary Society бош олими Брюс Беттс.

Астероиднинг хавфли даражада эканига қарамай, мутахассислар бу ҳозирча жиддий инқироз эмаслигини билдирган.

“Мен ваҳимага тушмаяпман. Албатта, эҳтимолнинг ошиши одамга ёқимсиз таъсир қилади, лекин кўп астероидлар бўйича кузатилган ҳолатлар шуни кўрсатадики, охир-оқибат бу эҳтимол яна нолга тушиши мумкин”, дейди Брюс Беттс.

ESA сайёравий мудофаа раҳбари Ричард Моссега кўра, бу динозаврларни йўқ қилган каби астероид эмас, бу бутун сайёрани йўқ қилувчи объект ҳам эмас. Бу энг кўпи билан шаҳарлар учун хавф туғдирувчи астероид.

Ерга ўртача ўлчамдаги астероид урилса нима бўлади? north_east

Ерга ўртача ўлчамдаги астероид урилса нима бўлади?

Мутахассислар Жеймс Уэбб телескопидан фойдаланган ҳолда 2024 YR4’нинг ҳажми ва орбитасини янада аниқроқ ҳисоблашни режалаштиришмоқда. Инфрақизил асбоблар ёрдамида астероиднинг ҳажми ва таркиби ўрганилади. Бу маълумотлар NASA, ESA ва бошқа агентликларга астероид таҳдидини янада ишончли баҳолаш ва керакли чораларни кўриш имконини беради. Ҳозирча олимлар 2028 йилда астероид Ер яқинидан ўтганда аниқроқ маълумот олиш мумкинлигини айтмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам тўқнашув хавфи мавжуд бўлса, унинг траекториясини ўзгартириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ушбу астероиднинг 2032 йилда Ер билан тўқнашув эҳтимоли сабабли сайёравий мудофаа кучлари учун кадрлар танловини бошлагани хабар қилинганди. SASTIND WeChat тармоғида 16 та иш ўрни бўйича эълон берган бўлиб, шулардан учтаси сайёравий мудофаа кучлари учун мўлжалланган. Номзодлар учун 35 ёшдан ошмаган бўлиш ва аниқ сиёсий қарашларга эга бўлиш талаби қўйилган. Танлов учун вазифалар орасида халқаро ҳамкорлик, янги ва экспериментал технологиялар бўйича тизимларни ишлаб чиқиш каби йўналишлар бор. Иш таърифи эса “Ерга яқинлашаётган астероидларни кузатиш ва эрта огоҳлантириш бўйича тадқиқотлар” сифатида берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

астероид Ер NASA сайёра телескоп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг