Еревандаги намойишда 100 га яқин одам ҳибсга олинди
Олам
−
13 Июнь
2888Ереванда норозилик намойишлари бўлиб ўтди, унинг иштирокчилари Бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилди. Бу ҳақда “News.am” нашри хабар берди.
Парламент биноси олдида намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Намойишчилар тўсиқларни бузиб ўтди, полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун шовқинли гранаталар ишлатди ва улар эса полицияга шиша бутилкаларни улоқтирди.
Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 98 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. 66 киши ёрдам кўрсатилгач, уйга чиқарилган. Яна 32 киши енгил ва ўртача даражадаги жароҳатлар билан шифохонада қолмоқда.
Намойишлар чоғида 17 нафар полициячи ва 10 га яқин ОАВ ходими жароҳатланган. “Armeniya Today” нашрига кўра, намойишда камида 98 киши ҳибсга олинган.
Еревандаги норозилик намойишларига Арман Апостол черковининг Тавуш епархияси раҳбари архиепископ Баграт Галстанян бошчилик қилмоқда. Намойишлар Арманистон ва Озарбайжоннинг Тавуш вилоятидаги чегарани делимитация қилиш борасида келишиб олганидан кейин бошланди. Натижада Ереван аввал Озарбайжон ССР таркибида бўлган, бироқ 1990 йиллардан буён арманлар назоратида бўлган тўртта қишлоқни Бакуга ўтказишга рози бўлди. “Ватан номи учун Тавуш” ҳаракати Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Никол Пашинян парламент паркидаги мухолифат митинги чоғида ўтказилган брифингда ҳукумат фақат халқ хоҳласагина истеъфога чиқишини айтганди.
LiveБарчаси