Ереван Бакуга тинчлик битими бўйича янги таклиф юборди – Пашинян

Олам

image

Арманистон Озарбайжонга икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш бўйича янги таклиф юборди. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

"Мен Арманистоннинг тинчлик кун тартибига содиқлигини таъкидламоқчиман. Сизга шуни маълум қилишим керакки, биз Баку томонига Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасини тузиш бўйича янги таклифимизни юбордик",  деган Пашинян.

Бош вазирнинг айтишича, ҳозирда Қорабоғдаги гуманитар вазият кескинлигича қолмоқда.

"Вазиятдаги ягона ўзгариш – Қизил Хоч ва Россия тинчликпарвар кучлари орқали даволанишга муҳтож ва бошқа фуқароларнинг Лочин йўлаги орқали маълум бир ҳаракати бошланди. Шу билан бирга, биз бу борада режалар ишлаб чиқилаётгани, унга кўра, Лочин йўлагининг бир томонлама тартибини очиш, яъни Тоғли Қорабоғдан чиқиш ва киришни тақиқлаш назарда тутилаётгани ҳақида ишончли маълумот олдик. Сизга шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ҳозирда Тоғли Қорабоғнинг кўплаб фуқаролари Арманистонда бўлиб, Тоғли Қорабоққа қайтиб кела олмайди”, дея қўшимча қилган Пашинян. 

Озарбайжон билан тинчлик ўрнатишга уринаётганини айтганига қарамасдан, Пашинян Бакуни ҳаракатларини қоралашдан ҳали тийилгани йўқ.

“Озарбайжоннинг асосий мақсади Тоғли Қорабоғ арманларини очлик ёки куч билан, этник тозалаш йўли билан қувиб чиқариш. Бизда мавжуд маълумотлар Баку Степанакерт билан мулоқотни турли йўллар билан тўхтатиб, масъулиятни Тоғли Қорабоғ зиммасига юклашга уринаётганидан далолат беради”, деган Арманистон ҳукумати раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ереван БМТдан Қорабоғдаги гуманитар вазият юзасидан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни илтимос қилганди. АҚШ раислик қилаётган БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши 16 август куни бўлиб ўтди. Бироқ йиғилиш сўнгида ҳеч қандай резолюция ёки қўшма декларация қабул қилинмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг