Ердан 3 млрд км узоқликдаги астероиддан сув топилди

Бу қизиқ

image

NASA сайёрамиздан 3 млрд км узоқликда жойлашган Бенну астероидидан уч ҳафта олдин Ерга олиб келинган тупроқ таҳлилининг биринчи натижаларини эълон қилди. Юлдузлараро чангнинг кимёвий таркибини ўрганиш натижалари унинг таркибида кўп миқдорда углерод ва сув борлигини кўрсатди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Аризона университети олимларининг айтишича, бу кашфиёт сайёрамиздан ташқари чексиз коинотнинг қайсидир нуқтасида ҳаёт мавжуд деган фаразни тасдиқлайди. Астероидга саёҳат тўрт йилдан ортиқ давом этган.

NASA’нинг OSIRIS-REx миссияси 2016 йил сентябрида ишга туширилган бўлса-да, қурилма 2020 йил октябрь ойида ўз манзилига етиб борди ва тупроқ намуналарини йиғди. OSIRIS’га ортга қайтиш учун яна уч йил керак бўлди.

Қимматбаҳо юк Юта чўлига олиб кетилди ва таҳлил қилиш учун Техаснинг Жонсон шаҳридаги NASA лабораториясига юборилди.

"Бу Ерга олиб келинган энг катта ва углеродга бой астероид намунасидир", дейди NASA маъмури Билл Нельсон.

Унинг кимёвий таркиби анча қизиқроқ. Нельсоннинг фикрича, намунадаги углерод миқдори умумий оғирликнинг 5 фоизини ташкил қилади ва у нафақат минерал шаклида, балки мураккаб органик бирикмаларда ҳам учрайди.

Олимлар дастлаб тахмин қилганидек, сув лой минералларининг кристалл тузилишида "қамалиб" қолган.

Бир версияга кўра, ер дарҳол "кўк сайёра"га айланмади: океанлар, денгизлар, дарёлар ва кўлларни ташкил этувчи деярли барча сувлар 4-4,5 млрд йил олдин сайёрамиз астероидлар томонидан оммавий бомбардимон қилинган пайтда коинотдан келтирилган.

Лаборатория олимлари бу тадқиқотнинг бошланиши эканини таъкидладилар. Юлдузлараро чанг доналари ҳали ҳам кўп сирларни очиб бериши мумкин.

Шунинг учун олиб келинган намунанинг учдан бир қисми кичикроқ бўлакларга бўлинади ва кейинги тадқиқотлар учун дунё бўйлаб ўнлаб лабораторияларга юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

сув астероид NASA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг