Ердан 25 ёруғлик йили узоқликда яшаш учун яроқли сайёра топилди
Interesting
−
18 July 39655 2 minutes
Ердан тахминан 25 ёруғлик йили узоқликда, Жираф (Камелопардалис) юлдуз туркумида жойлашган GJ 3378b сайёраси ердан ташқаридаги ҳаёт учун энг истиқболли номзодлардан бири бўлиши мумкин. Янги тадқиқотнинг кўрсатишича, у ўз юлдузининг ҳаёт зонасида (яшаш учун қулай ҳудудда) жойлашган ва унда суюқ сув мавжуд бўлиши учун потенциал шароитлар бор. Бу ҳақдаги тадқиқот “The astrophysical journal” журналида эълон қилинди.
Калифорния университети (Ирвайн) олимларининг маълумотларига кўра, сайёра Ер Қуёшдан оладиган иссиқлик ва радиация миқдорининг қарийб 90 фоизини қабул қилади. Бу шуни англатадики, у муайян шароитда суюқ сув – ҳаётнинг мавжуд бўлиши учун асосий омиллардан бири сақланиб қолиши мумкин бўлган ҳудудда жойлашган.
Шу билан бирга, инсоният ҳозирча GJ 3378b сайёрасига етиб бориш имкониятига эга эмас. Агар соатига тахминан 11,1 километр/секунд тезликка эга бўлган “Apollo-10” космик кемасининг тезлигидан фойдаланилса, ушбу сайёрагача бўлган парвоз тахминан 675 минг йил давом этган бўларди.
Дастлаб GJ 3378b газ гиганти деб ҳисобланган эди. Объект 2024 йилда кашф этилганидан сўнг, франциялик тадқиқотчилар унинг массасини Ер массасидан тахминан 5,26 баравар катта деб баҳолаган ва сайёрани суюқ сув мавжуд бўлишига йўл қўймайдиган зич водород атмосферасига эга “мини-Нептун” синфига тегишли деб тахмин қилган.
Эндиликда энг асосий савол – сайёра ўз юлдузидан тараладиган радиация ва кучли заррачалар оқими таъсирида ўз атмосферасини сақлаб қола олганми-йўқми, деган нуқтада қолмоқда. Унинг атмосферасини тўғридан тўғри ўрганиш ҳозирча имконсиз: Ердан кузатувчилар нуқтаи назаридан GJ 3378b ўз юлдузининг олдидан кесиб ўтмайди, шу сабабли “James Webb” телескопи зарур таҳлилларни ўтказа олмайди.
Эҳтимолий ҳаёт белгиларини янада батафсил қидириш имкони фақат келажакда – NASA 2040-йилларда ишга туширишни режалаштираётган “Habitable Worlds Observatory” каби янги космик расадхоналар фаолият бошлаганидан кейингина бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Ерга ўхшаш, 49 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ва юзасида суюқ сув мавжуд бўлиши мумкин бўлган сайёрада атмосфера борлигини илк бор тасдиқлаганди.
Live
All