Олимлар Ерсимон экзосайёрада атмосфера борлигини аниқлади

Бу қизиқ

image

Қуёш тизимидан ташқарида ҳаёт излаш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар яна бир муҳим натижа берди. Олимлар Ерга ўхшаш, биздан 49 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ва юзасида суюқ сув мавжуд бўлиши мумкин бўлган сайёрада атмосфера борлигини илк бор тасдиқлади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Бунгача атмосфералар асосан газ гигантлари ва “суб-Нептун” туридаги экзосайёраларда аниқланган эди. Шунингдек, яшаш учун қулай ҳудуддан ташқарида жойлашган баъзи тошсимон экзосайёраларда ҳам атмосфера мавжудлигига ишора қилувчи белгилар топилган. Бироқ янги кашфиёт бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.

“Бу Қуёш тизимимиздан ташқаридаги яшаш учун қулай ҳудудда жойлашган тошсимон сайёрада атмосфера мавжудлиги кузатувлар орқали илк бор тасдиқланган ҳолатдир”, деган тадқиқотнинг биринчи муаллифи, яқин вақтгача Гарвард университетида фаолият юритган доктор Коллин Черубим.

Унинг таъкидлашича, бу шунингдек, яшаш учун қулай ҳудудда бўладими ёки йўқми, ҳар қандай тошсимон экзосайёрада атмосфера таркибидаги модданинг илк бевосита аниқланиши ҳисобланади.

“Бу жуда ҳаяжонли кашфиёт. Менимча, у LHS 1140b сайёрасини Қуёш тизимимиздан ташқарида астробиология ва яшашга яроқли муҳитни ўрганиш учун энг истиқболли ва қизиқарли лабораторияга айлантирди”, деган у.

Қайд этилишича, LHS 1140b сайёрасининг массаси Ерникидан 5,6 баробар катта, радиуси эса тахминан 70 фоизга кенг. Черубимнинг айтишича, у умумий таркиби ва ҳарорати жиҳатидан Ерга ўхшаса-да, бир қатор муҳим фарқларга ҳам эга. Масалан, сайёра ўз юлдузига доимо бир томони билан қараб туради, унда сув миқдори анча кўп бўлиши ва атмосфераси ҳам Ерникидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин .

2017 йилда кашф этилган ушбу сайёра Ерга нисбатан яқин ҳисобланади. У Кит юлдуз туркумида жойлашган кичик қизил митти юлдуз атрофида айланади. Бу юлдуз Қуёшдан кичикроқ ва хирароқ бўлса-да, энергиясининг каттароқ қисмини ионлаштирувчи нурланиш кўринишида чиқаради.

Черубимнинг сўзларига кўра, янги тадқиқот натижалари LHS 1140b яшаш учун зарур бўлган барча асосий омилларга эга эканини кўрсатди: у нисбатан тошсимон сайёра, ҳарорати суюқ сув мавжуд бўлишига имкон беради, атмосфера эса сувнинг космосга чиқиб кетишининг олдини олади ҳамда юзани зарарли нурланишдан ҳимоя қилади. Шу билан бирга, унинг юлдузи ҳам нисбатан тинч бўлиб, кучли чақнашлар кам кузатилади.

“Шунинг учун ҳам бу ерда ҳаёт белгилари бўлиши мумкинлигини ўрганишни давом эттириш жуда қизиқ”, деган олим.

Тадқиқотчилар шу юлдуз атрофида айланувчи яна бир тошсимон сайёра – LHS 1140c да эса атмосфера аниқланмаганини маълум қилган.

“Science” журналида чоп этилган мақолага кўра, олимлар LHS 1140b ўз юлдузи олдидан ўтаётган пайтда Чилидаги Лас-Кампанас обсерваториясида жойлашган Magellan Clay телескопига ўрнатилган инфрақизил спектрограф ёрдамида кузатувлар ўтказган. 2024 йилда тўпланган маълумотлар сайёрадан космосга чиқиб кетаётган гелий газини қайд этган.

Черубимнинг айтишича, жамоа Ер атмосферасидан келиб чиққан ифлосланиш каби барча эҳтимолий изоҳларни ҳам истисно қилишга муваффақ бўлган. Бироқ 2025 йилда ўтказилган кузатувларда гелий аниқланмаган. Олим буни кутилмаган ҳолат деб атаб, ўзи ва бошқа тадқиқотчилар илк натижаларни қайта таҳлил қилганини айтган.

“Биз ўйлаб кўрган барча сохта ижобий эҳтимолларни ишонч билан рад этдик”, деган Черубим.

Оксфорд университети астрофизика профессори Жейн Биркбининг фикрича, бу жуда муҳим кашфиётдир. Унинг таъкидлашича, қизил митти юлдузлар энг кенг тарқалган юлдузлар бўлиб, улар атрофидаги яшаш учун қулай ҳудудда жойлашган тошсимон сайёралар ҳаёт излаш учун энг яхши имкониятни тақдим этади. Бироқ бундай юлдузлар кўпинча жуда фаол бўлиб, улар сайёралар атмосферасини йўқ қилиб юбориши мумкин.

“Шу боис LHS 1140b атрофида атмосфера мавжудлиги аниқлангани қизил митти юлдуз атрофида яшаш қандай бўлишини тушунишда муҳим қадамдир”, деган у.

У, шунингдек, атмосфера сигнали вақт ўтиши билан ўзгариб туриши ҳам қизиқ эканини қайд этган.

“Бу экзосайёра атмосфераси юлдузининг кучли ультрабинафша нурланишига қандай жавоб беришини кўрсатади ва ҳатто бу омил сайёра юзасидаги шароитга қандай таъсир қилишини ҳам тушунишга ёрдам бериши мумкин. Бу эса табиий равишда “бу ерда ҳаёт ривожланиши мумкинми ва агар мумкин бўлса, у қандай ҳимоя механизмларини шакллантирган бўлар эди?” деган саволни туғдиради”, деган Биркби.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA’нинг “Perseverance” марсоходи тахминан 3,7 миллиард йил аввал мавжуд бўлган қадимги кўл ҳудуди – Езеро кратеридаги жинсларда макромолекуляр углеродни аниқлаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг