Марсда илк бор мураккаб органик бирикмалар аниқланди
Бу қизиқ
−
14:31 771 2 дақиқа
NASA’нинг “Perseverance” марсоходи тахминан 3,7 миллиард йил аввал мавжуд бўлган қадимги кўл ҳудуди – Езеро кратеридаги жинсларда макромолекуляр углеродни аниқлади. Бу Марс юзасига энг яқин масофада қайд этилган органик модда топилмасидир. Бу ҳақдаги тадқиқот иши “Science Advances” (SA) журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, олимлар Неретва Валлис дарё каналидаги “Брайт-Эйнджел” очилиб қолган жинсларини тадқиқ қилиш учун марсоход бортидаги SHERLOC асбобидан фойдаланган. Ўрганилган жинслардан бири – қоплон терисини эслатувчи доғли нақшларга эга машҳур “Шайава Фолс” мергель тошидир. Айнан мана шу доғлар аввалроқ унинг биологик келиб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.
“Ишлов берилмаган тоғ жинси юзасида макромолекуляр углероднинг топилиши Марс юзасидаги энг юза қатламда жойлашган органик топилма ҳисобланади. Бу органик моддалар нисбатан яқинда очилиб қолганидан ёки фотоҳимоя хусусиятига эга минераллар томонидан сақлаб турилганидан далолат беради”, дейди NASA Реактив ҳаракатланиш лабораторияси астробиологи Кайл Ускерт.
Углероднинг спектрал хусусиятлари ҳам абиотик манбалар – метеоритлар ва гидротермал жинсларга, ҳам биотик манбаларга, жумладан, микроб матлари ва тошкўмирга мос келади.
“Биз ушбу маълумотлардан топилган углеродни бирор бир аниқ манбага боғлаш учун фойдалана олмаймиз, шу болатдан биологик синтез истисно этилмайди”, дея аниқлик киритган Сайёрашунослик институти геологи Эшли Мерфи.
Ушбу бирикмаларнинг келиб чиқиш сирини фақатгина Марс намуналари Ерга олиб келинганидан кейин, лаборатория шароитида тўлиқ очиш мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA Марс орбитасида ўн йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган MAVEN зонди ишдан чиққанини расман тан олганди.
Live
Барчаси