Ердан 23 баравар оғир гигант тошли сайёра аниқланди

Олам

image

Астрономлар Ердан 2,5 баравар катта, массаси қарийб 23,5 баравар юқори бўлган ғайриоддий зич экзосайёрани аниқлади. GJ 523b деб номланган ушбу сайёра “мега-Ер“ деб аталиб, сайёралар шаклланиши ҳақидаги мавжуд қарашларни қайта кўриб чиқишга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда “TRT Haber“ хабар берди.

Тадқиқотга кўра, GJ 523b тахминан 170 миллион йил аввал шаклланган ёш тизимда жойлашган. У ўз юлдузи атрофида бир марта айланишини тахминан 18 кунда якунлайди. Сайёранинг радиуси Ерникидан 2,55 баравар катта, зичлиги эса тахминан 7,8 грамм/куб сантиметрни ташкил этади.

Олимларни ҳайратга солган жиҳат шундаки, бундай катта массага эга сайёра одатда катта миқдорда водород ва гелий тўплаб, газ гигантига айланиши керак эди. Бироқ GJ 523b жуда зич ва асосан тошли тузилишга эга бўлиб, унда қалин газ қатлами мавжудлиги ҳақида далиллар йўқ.

Мутахассислар сайёра дастлаб қалин атмосферага эга бўлиб, кейинчалик уни йўқотган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Яна бир эҳтимолга кўра, сайёралар тизимининг илк даврида юз берган улкан тўқнашув натижасида газ қатламлари коинотга сочилиб, зич тошли ядро қолган.

Тадқиқот ҳозирча тақриз жараёнида бўлиб, олимлар GJ 523b каби “мега-Ер“ларнинг қандай шаклланганини аниқлаш учун қўшимча кузатувларни давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ердан тахминан 25 ёруғлик йили узоқликда, Жираф (Камелопардалис) юлдуз туркумида жойлашган GJ 3378b сайёраси Ердан ташқаридаги ҳаёт учун энг истиқболли номзодлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Янги тадқиқотнинг кўрсатишича, у ўз юлдузининг ҳаёт зонасида (яшаш учун қулай ҳудудда) жойлашган ва унда суюқ сув мавжуд бўлиши учун потенциал шароитлар бор.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг