Ерда кучли магнит бўрони бошланди
Олам
−
04 июл 3905 1 дақиқа
Ерда G3.33 даражасидаги кучли магнит бўрони бошланди. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси хабар берди.
Лаборатория мутахассисларига кўра, бу жорий йилда қайд этилган иккинчи кучли геомагнит ҳодиса ҳисобланади.
Қайд этилишича, магнит бўрони кутилганидан бир сутка кеч бошланган. Ер магнит майдони қарийб 24 соат давомида Қуёшдан отилиб чиққан плазма оқимлари босими остида бўлган. Оқимларнинг биринчиси кеча, 3 июль куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида Ерга етиб келган.
Мутахассисларнинг билдиришича, ҳал қилувчи ўзгариш бугун, 4 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Айнан шу вақтда Қуёш шамоли тезлиги ва бошқа параметрлари кескин ошиб, сайёралараро магнит майдонининг йўналиши ўзгарган. Оқибатда G3.33 даражасидаги магнит бўрони юзага келган.
Олимларнинг таъкидлашича, Қуёш чақнашлари рентген нурланиши қувватига қараб A, B, C, M ва X синфларига бўлинади. Кучли геомагнит бўронлари электр таъминоти тизимлари фаолиятида узилишларга сабаб бўлиши, қушлар ва айрим ҳайвонларнинг миграция йўналишларига таъсир кўрсатиши, шунингдек, қутб ёғдулари кузатиладиган ҳудудлар географиясини кенгайтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қуёшдаги кучли X синф чақнашлари оқибатида сайёрада 6-7 баллик кучли магнит бўрони кузатилиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида хабар берилган эди.