“Ер ёрилса ҳам ютмайдиган” бинолар
Бу қизиқ
−
11 Февраль 2023
44370Зилзила ер пайдо бўлганидан бери доимий такрорланиб турадиган табиий офат ҳисобланади. Кўплаб зилзилалар сайёрамизда сон-саноқсиз талафотларни келтириб чиқаради. Бу эса одамларни табиий офат етказадиган зарарининг олдини олишга ёки минимал даражада камайтириш йўлларини ўйлашга мажбур қилади. QALAMPIR.UZ қуйида жуда кучли зилзилаларга бардош бера оладиган кўп қаватли биноларнинг рўйхатини ҳамда айнан ер силкинишларига қарши тура оладиган технологияларни тақдим этади.
Юта штатининг ҳукумат биноси, АҚШ
АҚШнинг ғарбий қисмидаги Юта штатининг ҳукумат биноси бўлган иншоот пойдевори зилзилага қарши ламинатланган каучукли 280 та изолятор тармоғидан ташкил топган. Бу технологияда қўрғошин-каучук изоляторлар пўлат плиталар ёрдамида пойдевор билан бириктирилади. Зилзила содир бўлган ҳолатда изолятор бинонинг фақат пойдевор қисмини олдинга ва орқага юмшоқ силкитишига имкон беради, бунинг ҳисобига бинонинг тепа қаватлари силкинмасдан ўз ҳолатини сақлаб туради.
Тайпей 101, Хитой
Хитойнинг Тайпейи-Хинйи туманидаги “Тайпей 101” дунёдаги энг баланд бинолардан ҳисобланади. Минора 508 метр баландликда, тайфун ёки зилзила каби табиий офатларнинг зарарини олдини олиш учун созланган олтин шар кўринишидаги амортизаторга эга.
Катта ҳажмдаги шар бинонинг юқори қисмига яқин пўлат кабеллар билан осилган бўлиб, у маятник каби ишлайди ва энергияни йўқотиш учун бинога қарама-қарши йўналишда олдинга ва орқага ҳаракат қилади. Бинода осилган оғирлиги 730 тонна бўлган олтин шар дунёдаги энг катта амортизаторлардан биридир.
Бурж Халифа, Бирлашган Араб Амирлиги
БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган Бурж Халифа дунёдаги энг баланд бино бўлиб, унинг баландлиги 829 метрни ташкил этади. Бурж Халифанинг қурилиши 2004 йилда бошланган бўлиб, ордан беш йил ўтиб – 2009 йилда якунланган. Бино жами 57 та лифт ва 8 та эскалатордан иборат.
Осмонўпар бино Рихтер шкаласи бўйича 5,5 дан 7,0 баллгача бўлган зилзилага бардош бера олади. 2008 йилда бу ҳудудда зилзила содир бўлганда, бинонинг илғор муҳандислик лойиҳаси туфайли Бурж Халифа ҳеч қандай зарар кўрмаган. Бундан ташқари, иншоотда Дубайнинг ёзги иссиқ ҳароратига бардош беришга мўлжалланган қоплама тизими ҳам мавжуд.
“Yokohama Landmark Tower”, Япония
Япониянинг Йокогама шаҳрида жойлашган “Yokohama Landmark Tower” мамлакатдаги иккинчи энг баланд бино бўлиб, унинг баландлиги 295 метрни ташкил қилади. Япония ороллари сайёрадаги сейсмик фаол зоналардан ҳисобланади.
Бино пойдевори махсус ғилдиракли роликларга ўрнатилган бўлиб, осмонўпар бинонинг остида ер ҳаракатланса ҳам унинг силкинишига йўл қўймайди. Роликлар мослашувчан материаллардан қурилган бўлиб, бу эса бинонинг синиши эмас, балки эгилишига олиб келади.
“Transamerica” пирамидаси, АҚШ
АҚШнинг Сан-Франциско штатидаги энг баланд осмонўпар бино – “Transamerica” пирамидаси бўлиб, унинг баландлиги 253 метрни ташкил қилади. Бинонинг структураси зилзила тебранишлари билан бирга ҳаракатланадиган пўлат ва бетон пойдеворда туради.
Бинонинг конструкциясидаги тўртбурчак майдонлари рамкага кўпроқ ёрдам бериш учун диагоналли тузилмаларга эга. 1989 йилда содир бўлган 7,1 магнитудали зилзилада бино бир дақиқадан кўпроқ силкинади, лекин ҳеч қандай зарар кўрмади ва ўз жойида қолди.
Петронас миноралари, Малайзия
Малайзиянинг Куала-Лумпурдаги Петронас миноралари 2004 йилгача дунёдаги энг баланд бино бўлган. Баландлиги 452 метр бўлган миноралар айнан зилзилаларга қарши туриши ҳамда дунёдаги энг баланд эгизак миноралар бўлиши учун махсус қурилган.
Икки қаватли кўприк миноралар 41 ва 42-қаватларни бир-бирига боғлаб туради, улар шамолнинг бинога юк тушишига йўл қўймаслиги ҳамда зилзила содир бўлганида бинонинг ичига ва ташқарисига ҳаракатланиши мумкин. Натижада бинонинг конструкцияси зилзилага қарши эркин тура олади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь