Ер ҳарорати рекорд даражада исимоқда

Бу қизиқ

image

Америкалик олим Жеймс Ҳансен ва унинг ҳамкасблари глобал исиш тобора кучайиб бораётганини маълум қилди. Уларнинг бу ҳақдаги тадқиқоти “Environment: Science and Policy for Sustainable Development” журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчиларнинг хулосалари илмий жамоатчилик орасида баҳсли бўлиб қолаётган бўлса-да, Copernicus дастури ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил январь ойи 2024 йилнинг шу ойига нисбатан 0,09 даража (0,16°F) иссиқ бўлди. 2024 йилнинг январи эса шу пайтгача кузатилган энг иссиқ январь бўлиб, ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврдаги кўрсаткичдан 1,75 даража (3,15°F) юқори бўлганди.

Бундан ташқари, сўнгги 19 ойдан 18 тасида глобал ҳарорат халқаро келишувларда белгиланган 1,5 даража (2,7°F) чегарасига етган ёки ундан ошиб кетган.

Нима сабабдан глобал ҳарорат ошмоқда?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий сабаб атмосферада иссиқхона газларининг тўпланиши. Бироқ табиий омиллар кутилганидан бошқача таъсир кўрсатмоқда. Европа метеорология агентлигининг иқлим бўйича стратеги Саманта Берджесснинг тушунтиришича, экваториал Тинч океанидаги табиий ўзгаришлар одатда глобал ҳароратга катта таъсир қилади. Масалан, Эль-Ниньо (Марказий ва Шарқий тропик Тинч океанида денгиз сатҳининг ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси) кучайганда глобал ҳарорат кескин кўтарилади. 2024 йилда кучли Эль-Ниньо кузатилган бўлса-да, у июнь ойида тугаган, бироқ йил рекорд даражада иссиқ бўлган.

Лекин аксинча, Эль-Ниньо ҳодисаси глобал исишнинг таъсирини пасайтириши керак. Шу сабабли, олимлар 2025 йилда ҳарорат 2023 ва 2024 йилларга қараганда пастроқ бўлишини кутганди. Аммо ҳозирда Эль-Ниньо мавжуд бўлмаганига қарамай, рекорд даражадаги ҳарорат кузатилмоқда. Берджесс бунинг асосий сабабларидан бири сифатида дунё океанларининг ҳарорат рекорд даражада ошганини қайд этди. 

2025 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўладими?

Жеймс Ҳансен ва унинг ҳамкасблари ўз тадқиқотларида сўнгги 15 йилда глобал исиш аввалги 40 йилга нисбатан икки баравар тезлашганини кўрсатмоқда. Ҳансеннинг фикрига кўра, бу жадаллашиш яна бир неча йил давом этади.

Мичиган университети экология факультети декани Жонатан Оверпек глобал исишнинг жадаллашаётганига шубҳа йўқлигини таъкидлаб, “2023, 2024 ва 2025 йил бошидаги ҳарорат рекордлари ташвиш уйғотиши”ни айтди.

Бироқ Принстон университетидан Гейб Векки ва Пенсильвания университетидан Майкл Манн Ҳансеннинг фикрларига қўшилмайди. Веккига кўра, бу тасодифий ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин. Манн эса ҳозирги исиш даражаси иқлим моделлари прогнозлари доирасида эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сўнгги 40 йил ичида океанлар исиши даражаси тўрт баравардан кўпроқ ошгани хабар қилинганди. Агар 1980 йиллар охирида дунё океани ҳарорати ҳар ўн йилда тахминан 0,06 даража ошган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 0,27 даражага етган. 2023 ва 2024 йиллар бошида океан ҳарорати 450 кун кетма-кет рекорд даражада юқори бўлган. Бунинг бир қисми Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ бўлса-да, олимларнинг таъкидлашича, иссиқликнинг катта қисми океан сатҳининг сўнгги 10 йилда аввалгидан тезроқ қизиб бораётгани билан изоҳланади. Тадқиқотларга кўра, жаҳон океанидаги рекорд ҳароратнинг 44 фоизи айнан иссиқликнинг тезроқ йиғилиши билан боғлиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

иқлим экология глобал исиш Ер ҳарорати иссиқхона газлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг