Дунё океани рекорд даражада исиб кетди
Бу қизиқ
−
01 Февраль
10710Сўнгги 40 йил ичида океанлар исиши даражаси тўрт баравардан кўпроқ ошди. Бу ҳақда тадқиқот IOP Science журналида эълон қилинди.
Тадқиқотга кўра, агар 1980 йиллар охирида дунё океани ҳарорати ҳар ўн йилда тахминан 0,06 даража ошган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 0,27 даражага етган. Ушбу тадқиқот 2023 ва 2024 йилларнинг бошларида океанлар ҳарорати мисли кўрилмаган даражада исиши сабабларини тушунишга ёрдам беради.
“Агар океанни сув тўлдирилган ванна деб ҳисобласак, 1980 йилларда иссиқ сув қувури жуда секин ишлаган ва ҳарорат ҳар ўн йилда озгина кўтарилган. Аммо ҳозир иссиқ сув қувури жуда тез ишлаяпти, оқибатда океан тезроқ исиб бормоқда. Уни секинлаштиришнинг ягона йўли – глобал углерод чиқиндиларини камайтириш ва ноль даражага эришишдир”, дейди Рединг университети профессори, тадқиқотнинг асосий муаллифи Крис Мерчант.
Дунё океанининг тез исиб кетишига сабаб Ернинг энергия баланси бузилиши бўлиб, бунда Ер тизими Қуёшдан ўзига кўпроқ энергия ютади ва аввалгидан камроқ энергияни космосга қайтаради. 2010 йилдан бошлаб бу баланс тахминан икки баравар ёмонлашган. Бунга сабаб эса иссиқхона газлари концентрациясининг ошиши ва Ер аввалгидан камроқ қуёш нурини қайтариши ҳисобланади.
2023 ва 2024 йиллар бошида океан ҳарорати 450 кун кетма-кет рекорд даражада юқори бўлган. Бунинг бир қисми Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ бўлса-да, олимларнинг таъкидлашича, иссиқликнинг катта қисми океан сатҳининг сўнгги 10 йилда аввалгидан тезроқ қизиб бораётгани билан изоҳланади. Тадқиқотларга кўра, жаҳон океанидаги рекорд ҳароратнинг 44 фоизи айнан иссиқликнинг тезроқ йиғилиши билан боғлиқ.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, океанларнинг сўнгги ўн йилликдаги исиш суръати келажакда кузатиладиган ўзгаришларга тўғри кўрсаткич эмас. Кейинги 20 йил ичида сўнгги 40 йилдаги океан исиши даражаси янада ошиб кетиши мумкин. Океанлар юзаси глобал исиш суръатини белгиловчи муҳим омил бўлгани учун бу иқлим тизимига катта таъсир кўрсатади. Океан исишининг тезлашиши эса ердаги ҳароратнинг янада тез кўтарилишига олиб келади.
Шунинг учун олимлар ёқилғи ёқиш миқдорини кескин камайтириш зарурати ҳақида огоҳлантирмоқда. Акс ҳолда иқлим ўзгаришлари тобора тезлашиб боради ва барқарорликка эришиш жуда қийин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиядаги Макс Планк Кимёвий экология институти (MPICE) олимлари иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши XXI аср охирига бориб ўлим ҳолатларининг сезиларли даражада ортишига олиб келишини маълум қилган эди.
LiveБарчаси