Ўзбекистон исиб бормоқда: нега аномал ҳаво тез-тез такрорланяпти?
Интервью
−
21 Февраль
19509Иқлим ўзгариши инсон соғлиғи олдида турган энг катта таҳдиддир. Таъсирлар аллақачон ҳавонинг ифлосланиши, касалликлар, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, мажбурий кўчириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва руҳий саломатликка босим орқали соғлиққа зарар етказмоқда. Ҳар йили атроф-муҳит омиллари 13 миллионга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлади.
Дунёда бирор соҳа қолмадики, иқлим ўзгариши ўз таъсирини ўтказмаган бўлса. Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда иқлим ўзгариши, унинг сабаб ва оқибатлари, қолаверса, Ўзбекистоннинг экологияни асраш йўлида тутаётган стратегиялари ўзини қанчалик оқлаши ҳақида мутахассислардан фикр олдик.
Иқбол Эргашова, мухбир.: — Иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ўзини қандай намоён қилмоқда?
Эркин Абдулаҳадов, иқлимшунос.: — Иқлим ўзгариши бу инсоният учун янгилик эмас, яъни бизнинг сайёрамиз яралибдики, жуда совуқ ва жуда иссиқ даврларни бошдан кечирган. Ҳаттоки, Антарктикада ҳам яшиллик даври ва ҳаёт бўлган. Лекин XVII-XVIII асрлардан кейин — инсон ҳаёти ва яшаш даражаси ривожланиб, саноат инқилоби юзага келгани фонида иқлим ўзгариши тезлашиб кетди ва ҳозирги вазият охирги 300-500 йил учун жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади. Баъзи мутахассислар бунинг сабаби антропоген (инсон фаолияти) омиллари деса, бошқа бирлари бу табиий жараён (атмосфера қатламида сув буғининг ортиши) деган фикрни олға суради. Лекин ҳар икки қарашдаги иқлимшунослар ҳам ҳарорат аввалгидан тезроқ исиб бораётганини таъкидлайди. Ўз-ўзидан тушунарлики, биз азалдан ўрганган муҳит ва об-ҳаво шароитлари ўрнини бошқалари эгаллаб бормоқда. Бу жараён ҳар хил мавсумнинг ноодатий ўзгариб боришида кўринади. Масалан, Ўзбекистон шароитида ҳароратнинг кўтарилиб кетиши ёз ва қиш ойларида сезиларли, баҳор ва кузда деярли сезиларсиз тарзда кечмоқда. Ўзимиз ҳам кузатяпмизки, ҳозир қишда қор ёғиши камайган, одамлар ҳам шапка-шарфсиз, қўлқопсиз бемалол совқотмасдан юрибди. Олдин бундай бўлмаган, асосий қиш кунларида қалин-қалин кийиниб юрганмиз, ҳозир эса юпун кийимда бемалол юрибмиз. Демак, ҳарорат илиқ. Ёз ойлари ҳам ўтмишдагиларга нисбатан 2-3 даража юқори. Умумий қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳаво ҳароратида кўп йиллик иқлимий меъёрга нисбатан 1,5-2 даражага кўтарилиш мавжуд. Бутун дунёда 1,5 даража, бизда эса жойлашувимиздан келиб чиқиб, 2 даража дейиш мумкин, яъни бошқа ҳудудларга нисбатан сал юқори.
Маълумот учун, Ўзбекистон иқлими – кескин ўзгарувчан континентал иқлим. Республика ҳудудининг деярли 4/5 қисми яримчўл ва чўлликлардан, қолган қисми жанубий-шарқий ва шарқий ҳудудларда баланд тоғликлардан иборат. Ўзбекистонда континентал иқлимнинг пайдо бўлишида унинг географик ўрни, қуёш радиацияси ҳамда атмосфера циркуляцияси таъсир этади. Асосан узоқ қурғоқчилик, иссиқ ёз, ёмғирли баҳор ва ноустувор қишни ташкил этади. Мамлакат ҳудудига турли ҳаво оқимларининг кириб келиши учун жуда осон ҳудуд ҳисобланади
И.Э.: — Аномал об-ҳаво шароитлари нега бу қадар тез-тез такрорланяпти?
Э.А.: — Ўтмишда мавжуд об-ҳаво шароитлари ўрнига ҳар хил кўринишдаги, қисқа ва узоқ давом этадиган бошқалари келиши аномалия дейилади, бу сўз ўзбекчада ғайритабиий деган маънони билдиради. Метеорологияда сўнгги ўттиз йилликда камдан-кам кузатилган ҳодисалар ғайритабиий сифатида таърифланади. Масалан, Миср ва Шимолий Африка ҳудудларида кутилмаганда қор ёғиши кузатилмоқда, лекин бу умумий совуқ келаётганини англатмайди. Йил давомида бутун дунёда илиқ ва иссиқ об-ҳаво сақланса-да, ҳаво оқимлари физикасининг ўзгариши оқибатида баъзи жойларда ноодатий жараёнлар кузатилмоқда. Демоқчиманки, аномал ҳодисалар фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда кўпайган. Ўзбекистон океанлардан анча узоқда — қуруқлик марказида жойлашгани сабабли сел ва тошқин билан боғлиқ бошқа аномал вазиятлар кўпайгани йўқ ёки жуда кам учрамоқда. Шунингдек, узоқ муддатли аномал совуқ ёки иссиқ ҳаво билан ҳали тўқнаш келмадик. Тўғри, бир-икки йилда аномалия содир бўлди, масалан, 2023 йил январь ойида узоқроқ давом этган аномал совуқ кузатилган, лекин умумий маънода, турли аномал ҳодисаларга мойил ҳудуд эмасмиз. Фақатгина бир аномалия кўпроқ кузатилмоқда, у ҳам бўлса чанг билан боғлиқ. Бу ҳавода чанг массасининг ортиши ёки чанг бўронларининг кўпайиб кетиши кабиларда кўринади. Афсуски, сўнгги вақтлар минтақада охирги юз йилликда жуда кам учрайдиган ҳодисалар йил ўтгани сари тез-тез кузатилмоқда, айниқса, чанг ва қурғоқчилик билан боғлиқ жараёнлар.
Маълумот учун, 2021 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлиб, кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайган. Оқибатда атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошган. Шундан сўнг, Гидрометеорология маркази Ўзбекистонда 150 йил давомида бундай чанг кузатилмаганини маълум қилганди.
Иқлим ўзгариши тезлашишига асосий сабаблардан бири бу иссиқхона газларидир. Яъни атмосферада тўпланиб, ер юзасидан чиқаётган иссиқликни ушлаб турувчи иссиқхона газлари сайёрамизнинг ҳароратини табиий равишда оширади. Бу жараён иссиқхона эффекти деб аталади. Қайта ишланмаслиги, метан гази чиқариши ёки ёқиб юборилиши (полигонларда нотўғри жараёнларнинг олиб борилиши) оқибатида чиқиндилар ҳам иссиқхона эффекти орқали иқлим ўзгаришига катта ҳисса қўшади.
Иқбол Эргашова, мухбир.: — Жамиятнинг чиқиндини саралаш ва экологик маданиятини қандай ошириш мумкин? Сизнингча, бу борада “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати қанчалик иш беради?
Наргис Қосимова, экожурналист.: — Чиқинди саралаш маданиятини аввало, оиладан бошлаш лозим, шундагина бу ўз самарасини бериши мумкин. Фактларга тўхталадиган бўлсам, Ўзбекистонда 20-22 фоиз чиқинди қайта ишланади, қолгани полигонга олиб бориб, ташланади. Афсуски, чиқинди полигонлари халқаро стандартларга жавоб бермайди, чиқиндилар асосан кўмиб ташланади. Кўмилмаганлари эса девор йўқлиги учун шамол эсганда, учиб атрофда жуда хунук манзара ҳосил қилади. Кўмилган тақдирда ҳам чиқиндилар ёз пайти иссиқ ҳаво таъсирида метан газини ҳосил қилиб, ёниб кетиши оқибатида атмосферани ифлослантиришга “ҳисса қўшиши” ҳам катта муаммо бўлиб турибди.
Н.Қ.: — Одамлар ҳақида гапирсам, кўпчилик “чиқиндиларни саралаган тақдиримизда ҳам, улар барибир битта жойга ташланади-ку”, деган фикрни айтади. Тан олиш керакки, бу деярли ҳақиқат. Аммо чиқиндиларни сараламаслик ва қайта ишламаслик экология учун катта муаммолар келтириб чиқаради. Шундай экан, бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин? Аввало, жарималарни кўпайтириш керак, чунки халқимиз “чўнтакка урилганда” ҳаракатга тушади. Масалан, транспорт соҳасида жарималар кўпайтирилгани ортидан ҳолат анча тартибга келди. Чиқинди масаласида ҳам худди шундай чора кўриш керак. Бундан ташқари, боғчалардан бошлаб экологик билим берилиши зарур, афсуски, бизда экологияга оид фанлар на боғчада, на мактабда мавжуд. Шу масала билан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилганимизда, улар бизга экологияни бошқа фанларга интеграция шаклида олиб бориш йўлга қўйилаётганини билдирди. Яъни, бир қанча фанларга 1-2 соатдан экология соатлари қўшилган. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор — фан ўқитувчилари ўз дарсларини ўтади, уларнинг экологиядан хабари бўлмаслиги мумкин. У ҳолда ажратилган соатлар бесамар кетади. Демакки, экология алоҳида фан сифатида киритилиши шарт ва ҳар бир синфнинг ўзлашитириш лаёқатига қараб, босқичма-босқич мураккаблаштириб борилиши керак. Бу аҳоли ўртасида чиқиндини саралашга доир маданиятни оширишнинг асосий йўлларидан бири. Токи одамлар экологиядан тўғри таълим олмас экан, чиқиндиларнинг инсон келажагига салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб ҳам кўрмайди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Лекин чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси юқори эмас. Ҳозирда бундай корхоналар 313 та холос.
Н.Қ.: — Давлат дастурига киритилган “бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати ҳақида гапирадиган бўлсам, бу яхши ғоя, эффект ҳам бериши мумкин, лекин мен уни 100 фоиз деб ўйламайман. Чунки бизда экологик маданият, хабардорлик ва экологик онг тўлиқ шаклланмаган. Шунинг учун умуммиллий ҳаракат ўз самарасини тезда бермаслиги мумкин. Таъкидлаш керакки, ҳаракат доирасида рағбатлантириш кўзда тутилгани яхши, лекин ҳақиқий “яшил оила” электромобилни оладими, йўқми, чунки ишга коррупция аралашиши эҳтимоли ҳам юқори. Ҳозирданоқ кўпчиликда шу фикр мавжуд. Журналист ўлароқ бу ҳаракатнинг унчалик “иш беришига” шахсан мен ишонмайман.
Факт: 2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисда Шавкат Мирзиёев 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва „яшил“ иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
И.Э.: — Экофаол ўлароқ, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб номланган 2025 йилдан кутилмаларингиз қандай?
Н.Қ.: — Йилнинг бундай номланиши, йиллик дастур қабул қилиниши Ўзбекистон учун жуда катта ҳодиса. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Ўйлайманки, келгуси йилларнинг ҳам ҳар бирига айнан экология қўшилса яхши бўларди. Масалан, “ёшлар ва экология” йили, “тадбиркорлик ва экология” йили ёки “таълим ва экология” йили каби. Мазкур йилда эса экологияга эътибор қаратилиб, аҳолимизда экологик онг шаклланади, деган умиддаман.
LiveБарчаси