Ер юзи XXI асрда музликларсиз қолиши мумкин – БМТ
Бу қизиқ
−
22 Март
3177Агар музликларнинг ҳозирги эриш суръати сақланиб қолса, улар сайёранинг кўплаб минтақаларида XXI аср охиригача сақланиб қолмайди. Бу ҳақда кеча, 21 март куни БМТнинг иқлим бўйича экспертлари Бутунжаҳон музликлар куни муносабати билан баёнот берди.
Бутунжаҳон музликлар куни музликларнинг Ер иқлим тизимидаги ҳал қилувчи аҳамияти ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган. Ушбу кун 22 март – Бутунжаҳон сув ресурслари куни арафасида нишонланади.
БМТ маълумотига кўра, музликлар дунёдаги чучук сув захираларининг тахминан 70 фоизини ўзида жамлаган. Улар иқлим ўзгаришининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, одатда барқарор иқлим шароитида эримайди. Аммо ҳозир, инсон фаолияти туфайли юзага келган глобал исиш оқибатида уларнинг майдони мисли кўрилмаган тезликда қисқармоқда.
Ўтган йили Скандинавия, Норвегиянинг Шпицберген архипелаги ҳамда Шимолий Осиёдаги музликлар тарихдаги энг катта йиллик массани йўқотиш даражасига дуч келган.
Афғонистондан Покистонгача чўзилган Ҳиндукуш тоғ тизмасида 120 миллиондан ортиқ фермерлар ҳаётий таъминот ҳисобланувчи музликлардан айрилиши мумкин. Уларнинг улкан қатлами шиддат билан йўқолмоқда. Жаҳон метеорология ташкилоти (WМО) маълумотларига кўра, сўнгги олти йилнинг беш йилида тарихдаги энг тез муз эриши кузатилган.
Ҳар йили 273 миллиард тонна муз йўқолмоқда. Бу ҳажм бутун дунё аҳолиси 30 йил давомида истеъмол қиладиган сув миқдорига тенг. Марказий Европада эса музликларнинг қарийб 40 фоизи аллақачон эриб кетган.
“Агар ҳозирги суръат сақланиб қолса, Алп тоғларидаги музликлар шу аср ичида бутунлай йўқ бўлади”, дейди Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати раҳбари Майкл Земп.
WМО вакиллари таъкидлашича, иссиқхона газлари чиқиндилари камайтирилмаса ва ҳарорат ҳозирги суръатда ошишда давом этса, 2100 йил охирига бориб, Европа, Шарқий Африка, Индонезия ва бошқа минтақалардаги кичик музликларнинг 80 фоизи йўқолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арктика ва Антарктика илмий-тадқиқот институти Антарктидада денгиз музларининг энг паст даражалардан бирига тушганини қайд этганди. Хусусан, ёзги мавсум давомида тахминан 16 миллион квадрат километр муз эриб кетган.
LiveБарчаси
24 Март
Дўрмонга ўт кетди.
24 Март