Елизавета II набираси ва келинига “қонуний зарба” бермоқчи
Олам
−
23 Август 2021
7816Буюк Британия қироличаси Елизавета II Букингем саройи расмийларига шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг танқидлари юзасидан туҳмат ишлари бўйича мутахассислар билан маслаҳатлашишни буюрди. Бу ҳақда “The Sun” хабар берган.
Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, 95 ёшли қироличани “доимий ҳужумлар безовта қилади”.
“Ҳамма нарсанинг чегараси бор. Қиролича ва унинг оиласи адвокатларни ёллашди. Гарри ва Меган такрорий ҳужумлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини билиб олади ва тушунади”, дейилган хабарда.
Манбада адвокатлар Сассекс герцоги ва герцогиняси баёнотларига “қонуний зарба” тайёрлаётгани таъкидланган. Қайд этилишича, адвокатлар 2022 йил охирида шаҳзода Гаррининг мемуарларини нашр этишга тайёрланаётган Penguin Random House нашриётига огоҳлантириш юборишни ўйламоқда.
“The Sun” манбасига кўра, агар китобда кимдир тилга олинса ва тўғридан-тўғри бирор нарсада айбланса, бу туҳмат ва шахсий оилавий ҳаётга бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши, деб баҳоланиши мумкин. Қайд этилишича, адвокатлар китоб мазмуни билан танишиш ва унга изоҳ бериш имкониятига эга бўлиш учун нашриёт билан боғланиши мумкин.
Букингем саройи эса бу мавзуда изоҳ беришдан бош тортган.
Аввалроқ, шаҳзода Гарри Британиянинг Penguin Random House нашриёти билан ўз хотираларидан иборат тўртта китобни нашр этиш тўғрисида шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик. Маълумотларга кўра, иккинчи китоб Гаррининг бувиси — Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг вафотидан кейингина нашр этилади.
Маълумот ўрнида, ҳозирда шаҳзода Гарри рафиқаси ва икки фарзанди билан Санта-Барбара (АҚШ) шаҳрида яшайди. 2020 йилда Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласи билан келишган ҳолда “Зоти олийлари” унвонига ва SussexRoyal брендига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, расмий қироллик вазифаларидан воз кечганликларини эълон қилганди.