ЕИ ядровий келишувни бузгани учун Эронга қарши санкцияларни узайтирди
Олам
−
18 Октябрь 2023
3324Европа Иттифоқи ядровий келишувни бузгани учун Эронга қарши санкцияларни сақлаб қолишга қарор қилди. Бу ҳақда DPA хабар берди.
Санкцияларнинг узайтирилиши Европа Иттифоқининг мамлакат ядровий ва ракета дастурларига алоқадор Эрон жисмоний ва юридик шахсларини жазолашда давом этишини англатади.
Бундан ташқари, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига қарши санкциялар ҳамда қурол ва ракеталарни сотишга қўйилган тақиқлар узайтирилмоқда.
Европа Иттифоқи баёнотида қайд этилишича, бу қарор Теҳроннинг 7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилган ҲАМАСни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Байрутга ташрифи чоғида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашганди. Шунингдек, у олдинроқ Эрон Исроил ҳаракатлари туфайли янги фронт очиши мумкинлигини қайд этганди. Унинг сўзларига кўра, Ғазо секторига электр ва сув етказиб беришни тўхтатиш уруш жинояти ҳисобланади ва иккинчи фронт очилиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Кейинроқ Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси агар Тель-Авив Эрон ҳудудига ҳужум қилмаса, Эрон Қуролли кучлари жанговар ҳаракатларга киришмаслигини билдирганди.
LiveБарчаси