ЕИ Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берган давлатларни жазоламоқчи
Олам
−
28 Апрель 2023
10850Европа Иттифоқи Россияга экспорти тақиқланган товарларни етказиб бераётган мамлакатларга нисбатан чора кўрмоқчи. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи бу масалани муҳокама қилган. Унга кўра, Европа Комиссияси маълум учинчи давлатларга кичик тоифадаги маҳсулотларни сотишга имкон берувчи ҳуқуқий механизмни ўрганиб чиққан.
Нашр хабарида айтилишича, бундай ҳаракат Брюссель ва унинг иттифоқчиларининг Туркия ва БАА каби мамлакатларни, шунингдек Марказий Осиё давлатларини Россиянинг Ғарб санкцияларини четлаб ўтишига йўл қўймаслик учун қаттиқроқ чоралар кўришини кўрсатади. Бу Европа Иттифоқи санкцияларини айланиб ўтишга бўлган уринишларга қарши жиддий қадам бўлиши айтилган.
Бироқ Европа Иттифоқидаги давлатларнинг баъзилари учинчи давлатлар билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатишдан чўчигани учун экспорт чекловларини жорий этишга қаршилик қилмоқда. Мазкур мавзу бўйича музокаралар келаси ҳафта давом этиши таъкидланган. Европа иттифоқи таклиф қилинган чекловларнинг халқаро савдо қоидаларига мувофиқлигини қандай таъминлаши ва уларнинг кучга кириши учун қандай қонуний тартиб-қоидалар талаб қилиниши ҳозирча аниқ эмас.
Муҳокама қилинаётган механизм доирасида Европа Иттифоқи биринчи навбатда Россияга қарши санкциялар режими шароитида ташвиш туғдирадиган маҳсулотлар ва мамлакатларни алоҳида ажратиб кўрсатмасдан аниқлашга имкон берадиган ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ниятида экани маълум қилинган. Кейинги босқич учинчи давлат томонидан Европа Иттифоқидан огоҳлантириш олишни ўз ичига олади, кейинчалик у экспорт назорати мониторинг тизимида товарлар ва мамлакатларнинг ўзига хос тоифаларини кўрсатиши мумкин. Нашр ушбу чоралар Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакети доирасида амалга оширилиши мумкинлигини ёзган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга икки мақсадли техникаларни қайта экспорт қилиб, унга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берган давлатларга нисбатан чора кўрилиши айтилганди. Шу мақсадда Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича вакили Қирғизистон ва Қозоғистонга келган. Бундан ташқари, санкциялар бўйича вакил Ўзбекистонда ҳам бўлиб, Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
LiveБарчаси