ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети устида ишлаяпти
Олам
−
17 Апрель 2022
7152Европа Иттифоқи Украинадаги воқеалар фонида Россияга қарши навбатдаги, олтинчи санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
Унга кўра, чоралар банк секторига нисбатан қўшимча чекловларни ўз ичига олиши мумкин.
“Айниқса, ушбу секторнинг 37 фоизини ташкил этувчи Сбербанкни ўрганяпмиз”, деган у.
Бундан ташқари, Брюссель энергетика билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқмоқда.
Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Еврокомиссия ҳозирда “ақлли механизмларни ишлаб чиқиш жараёнида” бўлиб, улар орқали навбатдаги санкциялар пакети Россия нефтига таъсир қилади.
Урсула фон дер Ляйен Германия ҳукумати Россияга қарши санкцияларни секинлаштираётгани ҳақидаги тахминларни рад этган:
“Германия 48 соат ичида биз таклиф қилган бешта санкция пакетини маъқуллади. Европа Иттифоқи ҳеч қачон ҳозиргидек бирдамлик, қатъият ва ғайрат билан ҳаракат қилмаган. Германия бунда ўз ролини ўйнади”.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг Россияга қарши иқтисодий ва индивидуал санкцияларнинг бешинчи пакетига йирик компаниялардан тортиб, Кремлнинг юқори мартабали амалдорларигача киритилганди.
LiveБарчаси