ЕИ Россиядан газ импортини кўпайтиради
Олам
−
27 Апрель 2022
15665Европа Иттифоқи вақтинча Польша ва Болгарияга газ етказиб бериш тўхтатилганини қоплаш учун рублда тўлашга тайёр давлатлар орқали Россия газини харид қилишни сезиларли даражада оширади. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни Европа Иттифоқининг Брюсселдаги институтларидаги манба ТАССга маълум қилган.
“Бугун Польша ва Болгариядаги вазият муносабати билан газ бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. Оралиқ ечимлардан бири қолган каналлар орқали Россиядан газ сотиб олишни сезиларли даражада ошириш бўлди, бу Польша ва Болгарияга Европа бозоридан қўшимча газ ҳажмларини сотиб олиш имконини беради. Шунингдек, Европа Иттифоқи барча ҳамкорлар билан газ етказиб бериш ҳажмини, биринчи навбатда суюлтирилган газни кўпайтиришни таъминлаш учун ишламоқда”, деган у.
Манба ЕИ давлатлари узоқ муддатли истиқболда энг қисқа вақтлар ичида Россиядан импорт қилинаётган газга қарамликни минимум даражага тушириш ва уни бошқа ресурсларга алмаштириш чораларини кўриш мақсадини тасдиқлаганини қўшимча қилган. Европа “яшил” энергетикага ўтишни тезлаштирмоқчи.
Манбанинг қайд этишича, ЕИ ҳисоб-китобларига кўра, Польша ва Болгария ҳозирда газ тақчиллигини бошдан кечирмаяпти ва Европа бозоридан қувур газини ҳам, суюлтирилган газни ҳам олиш учун техник имкониятларга эга.
Шунингдек, у Брюсселда рублда тўлашдан бош тортиши сабабли Варшава ва Софияга газ етказиб беришни тўхтатилиши “Россия томонидан ушбу давлатлар билан узоқ муддатли шартномаларни бузиш сифатида баҳоланаётганини” таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.
Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.
Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади.
Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.