ЕИ Россия газисиз яшай олади – Еврокомиссия
Олам
−
16 Октябрь
3287Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симонс шартнома январь ойида тугаганидан кейин ЕИ Украина орқали етказиб бериладиган Россия газини алмаштириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 15 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқи энергетика вазирлари билан учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Мен вазирларга Россия ва “Нафтогаз” ўртасидаги шартномани тугатишга тайёр эканлигимизни тасдиқладим. 14 миллиард куб метр Россия газини алмаштириш имкониятлари бор”, деган Симонс.
Унинг қўшимча қилишича, Россия газидан фойдаланиш учун ҳеч қандай асос йўқ ва Европа Иттифоқи Россия газисиз яшай олади.
Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётганига қарамай, Россиядан газ Киев назорати остидаги ҳудудлар орқали Газпром компанияси ва Украинанинг “Нафтогаз” ширкати ўртасида 5 йил аввал тузилган шартнома шартларига кўра Европага оқишда давом этмоқда. Шартнома муддати 2024 йилнинг декабрида тугайди.
Ўша йилнинг июль ойида Германиянинг “Handelsblatt” иқтисодий газетаси Европанинг бир қанча давлатлари Россия газини Украина орқали ЕИга етказиб беришни давом эттириш устида иш олиб бораётганини ёзган эди. Бироқ 30 август куни Владимир Зеленский идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Киев 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб Россиядан Европага газ етказиб беришни тўхтатиш ниятида эканини айтди.
Бироз вақт ўтгач, Кадри Саймон Европа Иттифоқи Украинадаги уруш пайтида Россия газига қарамлигини жиддий равишда камайтирганини ва ундан бутунлай воз кечишга тайёрлигини айтди. У биринчи қадамни Украина орқали газ транзити бўйича келишувни бекор қилиш деб атади.
“Биз Россия газидан босқичма-босқич воз кечишга тайёрмиз, бу Европага етказиб бериладиган энергия хавфсизлигини хавф остига қўймасдан амалга оширилиши мумкин”, деган комиссар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия гази ва нефтидан воз кечиш Европага қанчага тушиши маълум бўлганди. Европа Иттифоқи Россия энергетик ресурсларига қарамликдан қутулиш учун кейинги беш йил ичида қўшимча 195 миллиард евро сарфлайди. “Financial Times” газетасининг ёзишича, “тоза энергияга жадал ўтиш орқали Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғисига қарамликни тезда камайтириш мумкин”. Бунинг учун 2030 йилга бориб Европа Иттифоқи энергия самарадорлигини ошириш орқали энергия сарфини режалаштирилган 9 фоиз ўрнига 13 фоизга камайтириши керак бўлади. Шунингдек, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқаришни икки баравардан кўпроқ ошириш мақсад қилинган. Шу тариқа Европа истеъмолидаги қайта тикланадиган энергия улуши 2020 йилдаги 22 фоиздан 2030 йилга келиб 45 фоизга етади.
LiveБарчаси