Россия Киевга яна зарба берди. Қурбонлар орасида 5 яшар бола ҳам бор
Олам
−
23 Март
4512Бугун, 23 мартга ўтар кечаси Киевда Россия дронларининг йирик зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлди, улар орасида беш ёшли бола ва унинг отаси ҳам бор. Бу ҳақда “Укринформ” хабар берди.
Маълум қилинишича, Украина пойтахтига ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида бошланган ва соат 02:00 гача давом этган. Украинанинг бошқа ҳудудларида дронлар ҳужуми эрталабгача давом этган.
“Мавжуд маълумотларга кўра, уч киши, жумладан, 5 ёшли бола ҳалок бўлган. Яна 10 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида ота ва унинг кичкина қизи ҳам бор. Россия ҳужуми оқибатида жабрланган энг кичиги эса атиги 11 ойлик”, дейилади хабарда.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, 23 мартга ўтар кечаси Россия Украинага 147 та дрон ва дрон-имитаторлардан фойдаланган ҳолда ҳужум қилган.
Эрталабгача 97 та учувчисиз дронлар уриб туширилган, яна 25 та учувчисиз имитатор эса салбий оқибатларсиз жойлашув нуқтасидан йўқолган.
Шунингдек, мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари пойтахт йўналишида кўплаб дронлар учаётгани ҳақида хабар берган, мониторинг каналлари эса улар ўнлаб – 20 тадан 60 тагача бўлганини кўрсатган.
“Портлашлар тўхтамаяпти”, деб ёзган пойтахтлик аёллардан бири ижтимоий тармоқларда.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тарқатилган баъзи видеоларда кучли ёнғинларни кўриш мумкин.
Киевнинг Подольск туманида 25 қаватли тураржой биносининг 20-қаватидаги 20 квадрат метр майдондаги ёнғин бартараф этилган.
Голосеев туманида тўрт қаватли офис-омбор биноси ёниб кетган, ёнғин майдони 2 минг квадрат метрни ташкил этган. Ушбу участкада яна бир киши ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 21 март оқшомидан 22 март тонгига қадар Россия Украинага кенг кўламли дронлар ҳужуми уюштирганди. Запорожье, Харьков, Суми вилоятлари ҳамда Киев ҳужумлардан зарар кўрган. 179 та дрондан 100 таси уриб туширилган. Умумий ҳисобда беш киши ҳалок бўлиб, бир неча ўнлаб одам жароҳатланганди.