Россия Украинага йирик дрон ҳужуми уюштирди. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 21 март оқшомидан бугун, 22 март тонгига қадар Россия Украинага кенг кўламли дронлар ҳужуми уюштирди. Запорожье, Харьков, Суми вилоятлари ҳамда Киев ҳужумлардан зарар кўрган. 179 та дрондан 100 таси уриб туширилган. Умумий ҳисобда беш киши ҳалок бўлиб, бир неча ўнлаб одам жароҳатланган. Бу ҳақда Запорожье ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров маълум қилди. 

Қайд этилишича, Запорожье вилоятида Россия зарбалари оқибатида 12 киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида тўққиз ойлик чақалоқ ҳам бор. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, воқеа жойида 14 ва 20 ёшли қиз ҳалок бўлган. Кейинчалик, шифохонада оғир яраланган 38 ёшли аёл ҳам вафот этган. Ҳужум пайтида тураржойлар, автомобиллар ва ижтимоий инфратузилма объектлари ёниб кетган. Вилоят бўйлаб 13 та аҳоли пунктига дронлар ва артиллерия ёрдамида жами 367 та зарба берилган.

Суми вилояти ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, 21 март оқшомида авиация ва дрон зарбалари оқибатида Краснополье туманида икки киши ҳалок бўлган. Шунингдек, икки нафар тинч аҳоли вакили яраланган, маданият уйи, маъмурий бинолар, дўконлар ва турар-жойлар зарар кўрган.

Херсон вилоятида эса 21 март куни маҳаллий вақт билан соат 06:00 дан 22 март соат 06:00 гача бўлган вақт оралиғида Россия зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна 14 киши жароҳат олган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченкога кўра, шаҳарнинг Подол туманида Россия дрони уриб туширилгандан сўнг унинг қолдиқлари тураржой биносининг томига қулаб, ёнғинга сабаб бўлган. Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, уч қаватли уйнинг энг юқори қаватида ёнғин юзага келган ва олов атрофга тарқалган. Ёнғинни ўчириш жараёнида ўт ўчирувчилар тўрт кишини эвакуация қилган.

Украина Ҳаво кучларига кўра, ўтган тун давомида Россия ҳудудга 179 та Shahed дронлари ва махсус чалғитувчи дронлар билан ҳужум қилган. Бугун, 22 март тонгига келиб 100 та дрон мамлакат жануби, шимоли ва марказида уриб туширилган. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, 63 та Россия дрони чалғитувчи бўлиб, улар назоратдан йўқолган ва зарар етказмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг еттита минтақасига дронлар билан ҳужум уюштирганди. Оқибатда Калуга, Саратов, Воронеж, Тамбов ва Ростов вилоятларидаги саноат корхоналари зарар кўрган. 77 дрон уриб туширилган ва йўқ қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина дрон ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг