ЕИ МОни Россия ва Хитойдан яхшироқ эканига қандай ишонтирмоқчи? (видео)
Жамият
−
04 Апрель
10003Бугун, 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи олий даражадаги расмий саммит якунлангач, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен матбуот анжумани ўтказиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Хитой ва Россия узоқ вақтдан бери Марказий Осиёда фаол. Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларини ўзининг яхшироқ ҳамкор эканига қандай ишонтирмоқчи? Европа Иттифоқи Марказий Осиёга нима таклиф қилиши мумкин?” дея Европа етакчиларига юзланди журналистлардан бири.
Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг ушбу саволга жавоби қуйидагича бўлди:
“Россия узоқ вақтдан бери ишончли ҳамкор бўла олмаслигини кўрсатмоқда. Айтиш мумкинки, Европа Иттифоқи олдиндан ишончли ва барқарор ҳамкорлик учун эканини исботлаган. Европа Иттифоқи лойиҳаларига назар ташлайдиган бўлсак, биз учун ҳамкорларимиз ҳам улардан фойда олиши муҳим. Юқорида айтиб ўтилган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи, масалан, муҳим хомашё ҳақида гап кетганда, бутунлай бошқача шерикдир.
Ўтмишда Хитой ва Россия кўпинча хомашё қазиб олиб, ўз мамлакатларига олиб кетиб, у ерда қайта ишлаган. Қўшимча қиймат бошқа мамлакатда қўшилган. Шундай қилиб, қазиб олинган мамлакатда қўшимча қиймат қолмаган.
Бизда бошқача ёндашув бор. Фикримизча, қўшимча қийматни маҳаллий даражада яратиш жуда муҳим. Шунда у иш ўринларини яратади ва қўшимча қиймат занжири ишлаб чиқарилган мамлакат ичида бўлади. Бизнинг фикримизча, бу истиқболда узоқ муддатли ҳамкорларимиз учун ва Европа Иттифоқи учун ҳам яхшироқ”.
Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта эса бу мавзуда қуйидагиларни қўшимча қилди:
“Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг бешта давлати – биз кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлаш ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақида бир хил қарашларга эгамиз. Бу жуда муҳим.
Қоидаларга асосланган тартибнинг альтернативи тартибсизликдир ва биз тартибсизликдан қочишимиз керак. Халқаро ҳуқуқ устувор бўлиши лозим. Бу осойишталикни, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишни, халқаро тан олинган чегараларни ҳурмат қилишни англатади.
Биз бир хил қарашларга эгамиз ва сўнгги уч йил давомида бу тамойиллар, бирдамлигимиз ва биргаликда ишлаш қобилиятимиз синовдан ўтказилди. Бу жуда яхши исботланди.
Ва шунинг учун биз Украинада ҳам адолатли ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун биргаликда ишлашни давом эттиришимиз керак, деб ўйлайман.
Чунки бу минтақа Шарқ ва Ғарб, Европа Иттифоқи ва Хитой, Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги кўприк сифатида тарихий ва географик стратегик минтақадир.Марказий Осиё давлатлари билан ўрнатаётган ўзига хос муносабатларимизнинг қўшимча қиймати ҳам ана шулардир. Раҳмат”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган саммит ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Саммит якунида қўшма декларация қабул қилинди. Етакчилар Самарқанд халқаро иқлим форумида ҳам қатнашди.
LiveБарчаси