ЕИ Кремль билан махфий мулоқот бошлади

Олам

image

Европа Иттифоқи Россия–Украина уруши бўйича эҳтимолий музокараларга замин яратиш мақсадида Кремль билан норасмий алоқалар ўрнатган. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта номидан унинг маслаҳатчиси Россия Президенти Владимир Путинга яқин юқори лавозимли амалдор билан икки марта телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатлар келажакдаги аниқроқ музокаралар учун шароит яратиш мақсадида ўтказилган.

Бироқ ушбу мулоқотлар қачон бўлиб ўтгани ва уларда айнан кимлар иштирок этганига оид маълумотлар очиқланмаган. Антониу Коштанинг матбуот хизмати ҳам, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бу хабарга изоҳ беришдан тийилган.

Май ойи бошида Кошта Европа Иттифоқи раҳбарияти Россия билан эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, бу борада ЕИга аъзо давлатлар етакчилари билан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

“Bloomberg” маълумотига кўра, Германия, Франция ва Буюк Британия ҳам Украина Президенти Владимир Зеленский билан келишилган ҳолда Владимир Путинни тинчлик музокараларига жалб қилиш стратегиясини муҳокама қилган.

Европалик расмийларнинг фикрича, Россия армиясининг фронтдаги илгарилаши секинлашгани, Украина ҳужумларининг кучайгани ва иқтисодий босимнинг ортиши Москвани музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг